Мактабларда чиқиндиларни саралаш учун эко-бокслар ўрнатилади — пилот лойиҳа
ASTANА. Кazinform — Астана ва Жезқазғандаги 129 та мактабда чиқиндиларни алоҳида йиғиш учун мингдан ортиқ эко-бокс ўрнатилади. Бу ҳақда ҚР Экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нисанбаев маълум қилди.
— Вазирлигимиз томонидан амалга оширилаётган пилот лойиҳаси доирасида Астана ва Жезқазғанда янги ўқув йилигача 129 та мактабда чиқиндиларни ажратиш учун 1000 дан ортиқ эко-бокс ўрнатилади. Полигон чиқиндилари миқдорини камайтириш учун қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бош вазирнинг мазкур йўналишдаги лойиҳаларни молиялаштиришни ошириш бўйича топшириғига мувофиқ, ҳар бир лойиҳага вазирликдан масъул ходимлар бириктирилди, — деди Ерлан Нисанбаев Ҳукумат йиғилишида.
Вазирнинг сўзларига кўра, бугунги кунда 1,1 миллион тоннагача чиқиндиларни қайта ишлаш имконини берувчи 62 лойиҳа тасдиқланган.
— Шундан 13 та лойиҳа 52,7 миллиард тенгега молиялаштирилди. Бундан ташқари, Саноатни ривожлантириш жамғармасининг якуний босқичида 74,5 миллиард тенгелик 21 лойиҳа кўриб чиқилмоқда. Молиялаштирилган лойиҳалар амалга ошириш босқичига кирди, ҳозирда ускуналар ўрнатилмоқда. Экологик лойиҳаларни амалга ошириш маҳаллий ижроия ҳокимият органлари ва инвесторларнинг фаол ишлашини тақозо этади. Ҳудуд ҳокимликлари лойиҳаларни тўлиқ амалга оширилгунга қадар қўллаб-қувватлаши керак, — деди у.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йили мамлакатда “Тоза Қозоғистон” концепцияси тасдиқлангани ҳақида хабар берган эдик.