Лойиҳа санъаткорнинг Испаниядаги мухлислар клуби ва La Gran Voz Kazaja ҳамжамиятининг қўшма ташаббуси билан амалга оширилди. Фильм режиссёри — ёш испан кинематографисти Давид Кольянтес Родригес.
Намойиш Palacio de Hielo кинотеатрида бўлиб ўтди ва 130 дан ортиқ томошабинни жалб қилди. Меҳмонлар орасида Испаниядаги Қозоғистон элчихонаси вакиллари, элчи Данат Мусаев бошчилигидаги дипломатик корпус аъзолари, қозоқ диаспораси вакиллари, жамоат ташкилотлари аъзолари, шунингдек, ёш қозоқ қўшиқчиси Жанел Али бор эди. Аввалроқ, 15 ёшли ижрочи Барселонадаги концерт пайтида Димаш билан бир саҳнада чиқиш қилган эди. Фильмнинг якуний титрларида унинг Te prometo қўшиғи ҳам бор.
Ушбу ҳужжатли фильм биринчи марта Испанияда нафақат санъаткорнинг ўзига, балки унинг мухлислар жамоаси — Dears вакилларига бағишланган фильм лойиҳаси сифатида намойиш этилди. Сюжет мухлислар жамоаси беш аъзосининг Димаш ижоди билан биринчи танишувлари ва уларнинг ҳаётидаги мухлисларнинг аҳамияти ҳақида ҳикоя қилишларига асосланган.
Фильмни суратга олиш жараёнида режиссёр Испаниянинг турли ҳудудларига саёҳат қилди, фильм қаҳрамонлари билан учрашди ва қозоғистонлик қўшиқчининг халқаро мухлислар жамоаси феноменини ўрганди.
Лойиҳа муаллифларининг сўзларига кўра, фильмнинг асосий мақсади дунёга "Димаш ҳаракати" деб номланган ҳодисани, яъни санъаткорнинг бутун дунё бўйлаб тингловчиларга кўрсатадиган маданий ва ҳиссий таъсирини кўрсатишдир.
Премерьадан сўнг меҳмонлар ва мухлислар байрамона зиёфатда тўпланишди, таассуротлари билан ўртоқлашишди ва фильмнинг чиқарилишини нишонлашди.
Ҳужжатли фильм тез орада Испаниядаги бир қатор миллий кинофестивалларда намойиш этилади. Фестиваль намойишидан сўнг, асарни очиқ онлайн платформаларда нашр этиш режалаштирилган. Халқаро аудитория учун инглиз, қозоқ, рус ва хитой тилларидаги субтитрлар тайёрланади.
Фильм муаллифлари фильм нафақат Димаш мухлисларига, балки қозоқ санъаткорининг ижоди билан эндигина танишаётган томошабинларга ҳам ёқишига умид билдиришди.
Эслатиб ўтамиз, Нью-Йоркдаги Times Squareда Димаш Қудайберген шарафига тадбир бўлиб ўтди.