Эйфель минораси маъмуриятининг маълум қилишича, Франция пойтахтида юқори ҳарорат кузатилаётгани сабабли шанба ва якшанба кунлари мажмуа махсус тартибда соат 16:00 да ёпилади.
Шунингдек, Лувр музейи ҳам душанба кунини қўшган ҳолда ҳар куни соат 16:00 да ишини якунлайди. Орсе музейи эса шанбадан чоршанбагача ташриф буюрувчиларни фақат соат 17:00 гача қабул қилади.
Météo-France метеорология хизмати маълумотига кўра, мамлакатнинг шимоли-ғарбидаги 24 та департаментда қизил даражадаги огоҳлантириш жорий этилган. Бу тахминан 22 миллиондан ортиқ аҳолини қамраб олади.
Мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ҳаво ҳарорати 35–38 даражагача кўтарилса, Бургундиядан Пеи-де-ла-Луар минтақасигача бўлган айрим жойларда 39 даражага етиши кутилмоқда.
Франциянинг қолган ҳудудларининг аксариятида эса тўқ сариқ даражадаги хавф сақланиб қолмоқда. Мамлакат аҳолиси 14 июль — Бастилия олиниши куни байрамига тайёргарлик кўраётган бир пайтда кучли иссиқ таъсири янада кучайган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу май ойидан бери Францияни қамраб олган учинчи кучли иссиқ тўлқини ҳисобланади.