ҚР Президенти топшириғи бўйича қуриладиган 20 та сув омборининг биринчиси қуриб битказилмоқда
TÜRKISTAN. Кazinform - Туркистон вилоятининг Байдибек туманида мустақиллик йилларида илк бор сув омбори қурилмоқда. Қурилиш якунланса, Бўген дарёсининг қуйи оқимида жойлашган Сарқирама ва Шалдар қишлоқларида ёзда сув тақчиллиги сезилмайди. Шу тариқа экиладиган ерлар миқдори ортади. Бу мамлакатда сув хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қурилаётган 20 та сув омборидан биринчисидир.
Ақбастау қишлоқ округи ҳудудида барпо этилаётган «Бәйдібек-Ата» сув омбори катта стратегик аҳамиятга эга. Қурилиши ўтган йилнинг октябрь ойида бошланган иншоот 2025 йилнинг декабрига қадар фойдаланишга топширилади.
Тўғоннинг баландлиги - 26 метр, узунлиги - 4,2 километр. Сув омборининг умумий сув сиғими 68 миллион м3 ни ташкил қилади. Лойиҳанинг қиймати 15 миллиард тенгедан ошади.
— Айни пайтда асосий тўғоннинг тупроқ ишлари, 20 километрлик канални бетонлаш ишлари давом этмоқда. Қурилишга 148 киши ва 161 техника сафарбар этилган. Шу билан бирга, участкада сифат назорати учун махсус лаборатория, техник ва муаллифлик назорати муассасалари жойлаштирилиб, тегишли ишлар олиб борилмоқда, - дейди муҳандислар.
Эслатиб ўтамиз, Президент топшириғи бўйича Ақмола, Ғарбий Қозоғистон, Жамбил, Қизилўрда, Туркистон ва Жетису вилоятларида 2,5 миллиард куб метргача сув тўплаш имкониятига эга 20 та янги сув омбори қурилиши режалаштирилган.
Муаллиф: Алтинбек Амит