ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Алмати шаҳри ҳокими Ерболат Досаевни қабул қилди

Фото: Фото: Kazinform

ALMATY. Kazinform – Давлат раҳбарига Алмати шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳақида маълумот берилди.

Президентга жорий йилнинг сўнгги икки ойида шаҳар иқтисодиёти жадал ўсгани, Алмати шаҳрининг қисқа муддатли иқтисодий кўрсаткичининг ўсиши 1,7 фоизга етгани айтилди. Маҳаллий бюджетга тушум 55 фоизга ошиб, 287,5 миллиард тенгега етди. Асосий капиталга инвестициялар ҳажми ортиб бормоқда. 190 миллиард тенге сармоя киритилиб, ўсиш суръати 24,5 фоизни ташкил этди.

Ерболат Досаевнинг таъкидлашича, Давлат раҳбари томонидан ўтган йилнинг август ойида берилган топшириқлар ижроси доирасида мегаполисни кўп марказ сифатида ривожлантириш, уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларининг сейсмик хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳолини сейсмик таъсирга чидамлилигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қасим-Жомарт Тоқаевга шаҳарнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш бўйича топшириқ бажарилгани ҳақида маълумот берилди. Аҳоли ва юридик шахсларнинг мурожаатларига кўра, жорий йилнинг 23 январь куни содир бўлган зилзиладан сўнг кўздан кечирилган 183 та объектга жиддий зарар етмаган. Шунингдек, 4 март куни рўй берган зилзиладан сўнг келиб тушган мурожаатлар асосида 363 та объектни комплекс текшириш ишлари бошлаб юборилди. 2024 йилда 13200 та объект учун сейсмик аудит ўтказилади. Давлат раҳбарининг фармойишига кўра, фавқулодда вазиятлар юзага келганда фуқароларни ўз вақтида хабардор қилиш мақсадида “Оммавий огоҳлантириш” тизими жорий йилнинг 1 июнига қадар тажриба режимида жорий этилади.

Бундан ташқари, шаҳар ҳокими чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини модернизация қилиш, ҳовли ҳудудлари ва кўкаламзорлаштириш ишларига янги ва комплекс ёндашув ҳақида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан 3 йиллик хизмат кўрсатиш шартномаси тузилди. Ушбу чора-тадбирлар уларнинг молиявий барқарорлигини ва хизматлар сифатини оширади.

Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев иқтисодиётни янада диверсификация қилиш, Алмати шаҳрининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш, сув таъминоти ва сув йиғиш тизимини модернизация қилиш бўйича ишларни давом эттириш бўйича топшириқ берди.