ҚР Президенти: Хитой Қозоғистон иқтисодиётига 27 миллиард доллар инвестиция киритди
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари икки мамлакатнинг инвестициявий ҳамкорлиги ҳам изчил кенгайиб бораётганига эътибор қаратди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
«Хитой Қозоғистон иқтисодиётига 27 миллиард доллар инвестиция киритди. Бу, аслида, жуда яхши жараён. Шунинг учун бу иш самарали давом этади, деб ишонч билан айта оламиз. Мамлакатимизда хитой капитали иштирокида 6 мингдан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Улар орасида CNPC, CITIC, SINOPEC, HUAWEI каби дунё миқёсидаги йирик корпорациялар бор. Бундан ташқари, йирик ва ўрта бизнес вакиллари ҳам иш юритмоқда. Биз барчасига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Хитой Халқ Республикаси Раиси, азиз дўстим Си Цзиньпин жаноблари билан кўп қиррали қозоқ-хитой ҳамкорлиги жараёнини доимий равишда кузатиб борамиз. Бу сафар Хитой томони Мен бошчилик қилган қозоқ делегациясига катта эътибор қаратди, самимий меҳмондўстлик кўрсатди. Расмий ташрифим самарали ва муваффақиятли ўтди, деб ҳисоблайман. Раис Си Цзиньпин жаноблари билан бўлган музокаралар натижасини жуда юқори баҳолайман. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар келажаги ёрқин бўлишига ишонаман. Шу муносабат билан ҳурматли Раис Си Цзиньпинга қозоқ-хитой алоқаларини мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси учун чин дилдан миннатдорлигимни билдираман», – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бугунги учрашув бизнес вакиллари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга катта ёрдам беради.
«Ҳозирги пайтда Қозоғистон барқарор равишда ривожланиб келмоқда. Бизнинг иқтисодиётимиз – Марказий Осиёдаги энг йирик иқтисодиёт. Умуман олганда, йиллик ўсиш суръати юқори, деб айтиш мумкин. Шу йил якунига қадар ялпи ички маҳсулот 300 миллиард доллардан ошиши прогноз қилинмоқда. Бу – иқтисодиётни диверсификация қилиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва бошқа йўналишларда қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар натижаси. Шунингдек, бу – Хитой билан самарали муносабатларнинг яққол ифодаси. Қозоғистонда инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қулай шароит яратилмоқда. Шу мақсадда Миллий рақамли инвестиция платформаси жорий этилмоқда. Шунингдек, Инвестиция штаби ҳам фаолият юритмоқда. Бу тузилма тезкор қарор қабул қилиб, инвесторларга ҳар томонлама давлат кўмаги кўрсатади. Жорий йил июнь ойида Раис Си Цзиньпин жанобларининг Қозоғистонга ташрифи чоғида Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги келишув имзоланди. Икки давлат ўртасидаги визасиз режим ҳам ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришга самарали таъсир кўрсатмоқда. Аслида, бизнинг стратегик шериклигимизнинг салоҳияти катта. Мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш керак», – деди Президент.
Шунингдек, Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ва Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазирининг биринчи ўринбосари, ХКП Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси Доимий қўмитаси аъзоси Дин Сюэсян иштирокида Қозоқ-хитой ишбилармонлар кенгашининг 8-йиғилиши бўлиб ўтмоқда.