Қозоқ спортини бутун дунё тан оладиган бўлди — Тоқаев

ASTANA. Kazinform — Миллий спорт турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш Ҳукумат ва ҳокимликлар олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир. Бу ҳақда VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ғолибларини тақдирлаш маросимида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев айтди.

Фото: Ақорда

“Барчамиз миллий спорт турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Бу — Ҳукумат ва ҳокимликлар олдида турган энг муҳим вазифа. Ҳозир ушбу соҳада фаолият юритаётган 30 дан ортиқ махсус муассаса бор. Астанада Миллий спорт университети очилди. Ушбу таълим муассасаси спорт соҳаси учун профессионал кадрлар тайёрлашга ҳал қилувчи ҳисса қўшади, деб умид қиламиз. Миллий ва от спорти турлари маркази ҳам муваффақиятли фаолият юрита бошлади. Мамлакатимизда ҳар йили қозоқ кураши, тўққизқумалақ, ошиқ отиш, кўпкари, пойга ва бошқа спорт турлари бўйича мингдан ортиқ мусобақа ўтказилади. Миллий спорт турлари фестивали, «Ақ бидай» қишлоқ ўйинлари, «Қазақстан барысы» мусобақаси мунтазам равишда ташкил этилади”, — деди Давлат раҳбари.

Президент миллий спорт ва олимпия спорт турларининг мақоми қонун бўйича тенглаштирилганини асосий ютуқ сифатида қайд этди.

Фото: Акорда

“Бугунги кунда қозоқ спортининг нуфузи юқори. Уни бутун дунё тан оладиган бўлди. Қозоғистон спортчилари доимо энг яхшилар сафида. Куни кеча машҳур спортчимиз Елена Рибакина теннис бўйича жаҳоннинг биринчи ракеткасига айланди. Бу ҳақиқатан ҳам катта ютуқ. Мен Елена Рибакинани табрикладим. Унинг меҳнатсеварлиги ва маҳоратини алоҳида таъкидладим. Ундаги юксак шахсий маданиятни ҳам алоҳида баҳоладим”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон терма жамоаси 31 августдан 6 сентябрга қадар Қирғизистонда бўлиб ўтган VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида 74 та медални қўлга киритди.