Қозоғистоннинг турли ҳудудларида 13 та янги коллеж қурилади

ASTANA. Kazinform - Қозоғистоннинг 11 та ҳудудида 20 минг ўқувчи ўрнига мўлжалланган 13 та янги коллеж қуриш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

Фото: ҚР Саноат ва қурилиш вазирлиги

Бу ҳақда ҚР Таълим-маориф вазири Жулдиз Сулейменова Ҳукумат мажлисида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, кадрлар тайёрлаш сифати бевосита коллежларнинг моддий-техник базасига боғлиқ.

Маҳаллий ижро органлари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан 174 та коллеж зарур жиҳозлар билан таъминланган. Ер қаъридан фойдаланувчилар кўмагида яна 13 та коллеж жиҳозланди. Шу билан бирга, 143 та давлат коллежининг моддий-техник базасини янгилаш талаб этилмоқда.

“Бундан ташқари, 11 та ҳудудда 20 минг ўқувчи ўрнига мўлжалланган 13 та замонавий коллеж қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳудудлардаги танқисликни камайтириш ва ёшларни замонавий, яхши жиҳозланган таълим муҳитида сифатли касбий таълим билан таъминлаш имконини беради”, — деди вазир.