Тадбирлар рўйхати ҚР Туризм ва спорт вазирлиги томонидан тузилган.
Тадбирлар кўпроқ сайёҳларни жалб этиш ва Қозоғистон ҳудудларига қизиқишни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ақмола вилоятида 2005 йилдан бери ўтказиб келинаётган ва фламинголарнинг табиий яшаш муҳитини асрашга бағишланган Flamingo Fest фестивали бўлиб ўтади. Дастурдан концертлар, маҳаллий ҳунармандлар кўргазмалари ва мутахассислар билан учрашувлар ўрин олган. Ташриф буюрувчилар фламинголарни табиий муҳитда кузатишлари мумкин.
12 сентябрда Ғарбий Қозоғистон вилоятида «Жайық сазы» санъат фестивали ўтказилади. Меҳмонларни кўргазмалар, маҳорат дарслари, мусиқий ва театр томошалари, рассомлар ҳамда ҳунармандлар билан учрашувлар кутмоқда.
20 сентябрда Алматида апорт олма навига бағишланган анъанавий Alma Fest фестивали бўлиб ўтади. Ташриф буюрувчиларга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари ва олманинг турли навлари тақдим этилади. Шунингдек, маҳорат дарслари, концертлар ва кўнгилочар тадбирлар ташкил этилади.
24-28 сентябрь кунлари Манғистау вилоятида «Каспий — дўстлик денгизи» халқаро туристик фестивали ўтказилади. Дастурдан форумлар, кўргазмалар, семинарлар ва Каспийбўйи давлатлари вакиллари иштирокидаги маданий тадбирлар ўрин олган.
26 сентябрда Павлодар вилоятида Ertis Promenade тадбири бўлиб ўтади. Павлодар марказий соҳилида концертлар, мумтоз мусиқа кечалари, очиқ ҳавода кино намойишлари ва бошқа тадбирлар ташкил этилади.
26-28 сентябрь кунлари Туркистон вилоятида Turkistan Craft Fair халқаро ярмаркаси бўлиб ўтади. Турли мамлакатлардан келган ҳунармандлар ўз ишларини намойиш этади, маҳорат дарслари ва концертлар ўтказади. Асосий тадбирлардан бири Туркистонга бағишланган санъат асарини биргаликда яратиш бўлади.