Қозоғистонликлар Россияга киришдан олдин рақамли идентификациядан ўтади

ASTANA. Kazinform - 1 июлдан бошлаб Россияда мамлакатга визасиз тартибда кирувчи хорижий фуқаролар учун янги талаб кучга киради. Энди улар «Госуслуги RuID» мобил иловасидан фойдаланиши шарт бўлади, деб хабар беради Kazinform мухбири Россия ОАВга таяниб.

Фото: istockphoto.com

Янгилик ҳақида Россия Давлат думасининг назорат бўйича қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Дмитрий Гусев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, хорижий фуқаролар Россия чегарасини кесиб ўтишдан камида 72 соат олдин мобил илова орқали мамлакатга кириш бўйича ариза топшириши керак бўлади.

“Агар инсон Россияга киришни режалаштираётган бўлса, давлат унинг кимлиги, қандай мақсадда келаётгани, қанча муддатга қолиши ва унга киришни рад этиш учун асослар бор-йўқлигини олдиндан билиши лозим. Бу миграция жараёнларини янада шаффоф қиладиган замонавий рақамли амалиётдир”, — деди депутат.

Шу билан бирга, мазкур талаб Беларусь фуқароларига, олти ёшга тўлмаган болаларга, дипломатларга, хизмат паспортлари эгаларига ҳамда расмий делегациялар аъзоларига татбиқ этилмайди.

Дмитрий Гусев таъкидлашича, янги тартиб ҳалол хорижий фуқаролар учун қўшимча тўсиқ яратиш эмас, балки миграция назорати самарадорлигини оширишга қаратилган.

Унинг айтишича, олдиндан рақамли рўйхатдан ўтиш ноқонуний миграция хавфини камайтиради, маълумотларни текшириш жараёнини тезлаштиради ҳамда мамлакатга кириш тартибини янада тушунарли ва прогноз қилиш мумкин бўлган ҳолга келтиради.

“Давлат учун бу хавфсизлик масаласи бўлса, қонунга итоат қилувчи хорижий фуқаролар учун чегарадан ўтишнинг янада шаффоф ва қулай тартибидир”, — дея хулоса қилди парламентарий.

Аввалроқ Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги 2026 йил 1 июлдан бошлаб Россияга киришнинг янги қоидалари ҳақида эслатган эди. Хусусан, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Россияга ишлаш ёки ўқиш мақсадида кирадиган Қозоғистон фуқаролари учун «Госуслуги RuID» мобил иловасидан мажбурий тарзда фойдаланиш жорий этилади.