Қозоғистонликлар ҳаёт сифатини ижобий баҳоламоқда — сўровнома

ASTANA. Kazinform — DATAmetrics компанияси аҳолининг ижтимоий кайфиятини акс эттирувчи социологик тадқиқот натижаларини тақдим этди.

Фото: Александр Павский/ Kazinform

Ушбу маълумотлар фуқароларнинг ҳаёт сифатига берган баҳоси, оиланинг моддий аҳволидаги ўзгаришлар ва келажакка бўлган ишонч даражасини қамраб олган.

Мазкур маълумотлар Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти буюртмаси асосида 2026 йил 13 июндан 2 июлга қадар ўтказилган социологик тадқиқот натижалари асосида аниқланган.

«Юзма-юз суҳбат» («face-to-face») усулида ўтказилган сўровномада Қозоғистоннинг барча ҳудудлари, шунингдек, Астана, Алмати ва Чимкент шаҳарларидан 18 ёшдан катта бўлган 8000 нафар аҳоли иштирок этди. Аҳолининг ижтимоий кайфияти одамларнинг ўз ҳаёти, моддий аҳволи ва келажакка бўлган ишонч даражасига қандай баҳо бериши орқали аниқланади.

“Тадқиқот натижалари шу кўрсаткичларнинг барчаси бўйича респондентлар жавобларида ижобий муносабат устун эканини кўрсатди. Энг юқори кўрсаткич ҳаётдан мамнунлик даражаси бўйича қайд этилди. Сўровномада қатнашганларнинг 63,3 фоизи ўз ҳаётидан тўлиқ мамнун эканини айтган бўлса, яна 31,9 фоизи аксарият ҳолларда қониқиш ҳиссини билдирган. Шу тариқа, респондентларнинг 95,2 фоизи ўз ҳаётига ижобий баҳо берган. 3,4 фоизи ўз ҳаётидан унчалик мамнун эмаслигини, 1,1 фоизи эса умуман мамнун эмаслигини билдирган”, — дейилади хабарда.

Ўз ҳаётига берилган ижобий баҳо оиланинг моддий аҳволини қабул қилиш даражасида ҳам намоён бўлади.

Тадқиқот иштирокчиларининг учдан икки қисмидан кўпроғи (67,6 фоизи) сўнгги бир йилда оилаларининг моддий аҳволи яхшиланганини айтган. Шундан 29,8 фоизи аҳволи сезиларли даражада яхшиланганини, 37,8 фоизи эса маълум даражада яхшиланганини таъкидлаган. Респондентларнинг 25,5 фоизи оиланинг моддий аҳволи ўзгармаганини айтган бўлса, 6,6 фоизи ёмонлашганини қайд этган.

Фуқароларнинг бугунги кунга берган баҳоси келажакка бўлган умид даражасига таъсир қилади. Тадқиқот хулосаларига кўра, сўровномада қатнашганларнинг асосий қисми ўз оиласининг келажагига ишонч билан қарайди.

“Масалан, ҳар ўн респондентдан тахминан саккиз нафари (78,6 фоизи) бир йилдан кейин бугунги кунга нисбатан яхшироқ яшашига ишонади. Шундан 45,0 фоизи ўз аҳволи сезиларли даражада яхшиланишига умид қилса, яна 33,6 фоизи маълум даражада яхшиланишини кутмоқда. Шунингдек, 15,9 фоизи ўз оиласининг турмуш даражаси ўзгаришсиз қолади деб ҳисоблайди. Респондентларнинг 3,4 фоизи эса аҳволи ёмонлашиши мумкинлигини айтган. Умуман олганда, тадқиқот натижалари аҳолининг ижтимоий кайфияти асосий кўрсаткичлари бўйича ижобий баҳолар устун эканини кўрсатмоқда. Сўровномада қатнашганларнинг аксарияти ўз ҳаётидан мамнун, оиланинг моддий аҳволидаги ўзгаришларни ижобий баҳолайди ва келгусида турмуш шароити яхшиланишига ишонч билдиради”, — дейилади хабарда.

Танлов Қозоғистон Республикаси аҳолисининг асосий ижтимоий-демографик хусусиятлари, жумладан, яшаш жойи тури (шаҳар/қишлоқ), жинси ва ёши бўйича репрезентатив ҳисобланади. 95 фоиз ишонч эҳтимолида танловнинг статистик хатолик чегараси ±1,1 фоизни ташкил этади.

Айтиш жоизки, DATAmetrics компанияси ушбу тадқиқот натижаларини Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2026 йил 3 июлдаги № ОСК-11-07/ЗТ-К-29 хабари асосида эълон қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда аҳолининг реал даромадлари бир йилдан кейин илк бор ошгани ҳақида ёзган эдик.