91 мингдан ортиқ қозоғистонлик хорижда таҳсил олмоқда
Қозоғистонлик абитуриентлар Россия ва Хитойдан ташқари, Туркия, Европа мамлакатлари, АҚШ ва Буюк Британияга ҳам илм излаб боряпти. Сўнгги йилларда бу борада Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига бўлган қизиқиш ҳам ортиб боряпти.
Таълим соҳаси эксперти Айгерим Шеримнинг таъкидлашича, университет танлашда таълим сифати билан бир қаторда хавфсизлик ва молиявий имкониятлар ҳам муҳим аҳамиятга эга.
“Ўтган йилги маълумотларга кўра, хорижда таҳсил олаётган ёшлар сони бўйича Хитой етакчилик қилмоқда. Ундан кейин Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўрин олган. Аҳоли сонига нисбатан ҳисоблаганда эса Қозоғистон етакчи мамлакатлар қаторида. Геосиёсий вазиятга қарамай, ушбу давлатлар ёшларга халқаро таълим ва тажриба орттириш имкониятини тақдим этмоқда.
Ҳозир ота-оналар фарзандларининг хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу боис Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига талаб юқори. Бу давлатларда грант дастурлари мавжуд, яшаш харажатлари нисбатан арзон ва талабалар учун қулай муҳит яратилган”, — деди эксперт.
Қозоғистонликларнинг хорижда таълим олишга бўлган қизиқиши статистик маълумотларда ҳам ўз аксини топмоқда. Ҳозирда хорижий университетларда 91,2 минг нафар қозоғистонлик талаба таҳсил олмоқда. ЮНЕСКОнинг Higher Education Global Trends Report 2026ҳисоботига кўра, 2023 йилда Марказий Осиё талабаларининг 14,9 фоизи хорижда таълим олган. Яъни минтақадаги ҳар еттинчи талаба хорижий университетни танлаган.
Ҳисобот муаллифлари бундай талабни халқаро миқёсда тан олинадиган диплом, касбий ўсиш ва юқори даромад имкониятлари билан боғлайди. Бундан ташқари, маҳаллий университетлардаги ўринлар сонининг чеклангани ва айрим таълим дастурлари сифатига нисбатан шубҳалар ҳам абитуриентларнинг танловига таъсир кўрсатмоқда.
Бироқ олий таълимга бўлган талабнинг ортиши уни молиялаштириш ҳажмининг ошиши билан бирга кечмаяпти. Сўнгги ўн йилда Марказий Осиёда бакалавриат талабалари сони 63 фоизга ошган бўлса-да, минтақа мамлакатлари олий таълимга ялпи ички маҳсулотнинг ўртача атиги 0,44 фоизини сарфламоқда. Шу сабабли университетлар даромадининг салмоқли қисми талабаларнинг контракт тўловлари ҳисобига шаклланмоқда.
АҚШдан Туркиягача: хорижда ўқиш қанча туради?
ҚР Фан ва олий таълим вазирлиги маълумотларига кўра, 2024-2025 йилларда «Болашақ» дастури ва илмий стажировкалар доирасида хорижга 2,3 минг нафар киши юборилган. Стипендия соҳибларининг 57,3 фоизи АҚШни, 29 фоизи эса Буюк Британияни танлаган. Германияда 4,6 фоиз, Австралияда 1,9 фоиз, Канадада эса 1 фоиз талаба таҳсил олмоқда.
Ўз маблағи ҳисобидан ўқийдиганлар учун харажатлар танланган мамлакат ва университетга бевосита боғлиқ. Масалан, 2026 йилда АҚШдаги Ivy League университетлари, шунингдек, Stanford ва MIT каби етакчи хусусий олий таълим муассасаларида бир йиллик ўқиш ва яшаш харажатлари ўртача 85-92 минг долларни ташкил этади. Бунга тиббий суғурта учун 2-3,5 минг доллар, ўқув материаллари учун 1-1,5 минг доллар ҳамда мавсумга қараб 1 минг доллардан бошланадиган авиачипта нархи ҳам қўшилади.
Хитой ва Туркияда таълим олиш харажатлари нисбатан арзон. Хитой университетларида бир йиллик ўқиш тўлови 3-7 минг долларни, Туркиянинг давлат олий таълим муассасаларида эса 1-5 минг долларни ташкил этади. Икки мамлакатда ҳам ўқиш ва яшаш харажатларини ҳисобга олганда, йиллик сарф-харажат тахминан 10-12 минг долларга тенг.
Бироқ бу рақамлар Қозоғистон фуқароларининг хорижда таълим олиш учун сарфлаётган умумий маблағини акс эттирмайди. Вазирлик ўз маблағи ҳисобидан хорижда ўқиётган қозоғистонликларнинг харажатлари бўйича ҳисоб-китоб юритмайди.
Ёшлар нима учун хорижда қолишни афзал кўради?
Хорижда таълим олиш имкониятлари кенгайиб бораётганига қарамай, битирувчиларнинг барчаси ҳам мамлакатга қайтмаяпти. Астана халқаро университети катта ўқитувчиси, социолог Айдар Хамитнинг фикрича, бу - глобаллашув, меҳнат бозоридаги рақобат ва ёшларнинг ҳаётий тамойиллари ўзгариши билан боғлиқ ҳодисадир.
“Бугунги ёшлар таълимни фақат диплом олиш воситаси сифатида эмас, балки ижтимоий ва касбий имкониятларни кенгайтирувчи омил сифатида қабул қилмоқда. Социолог Пьер Бурдьенинг концепциясига таянадиган бўлсак, улар таълим орқали ўз маданий ва ижтимоий капиталини оширишга интилади”, — деди эксперт.
Шу билан бирга, хорижда таълим олиш имконияти ҳамма учун бирдек мавжуд эмас. Бунга оиланинг моддий аҳволи, тил билиш даражаси ва зарур маълумотларга эга бўлиш имконияти таъсир кўрсатади.
Хорижда ўқишни тугатган ёшларнинг мамлакатга қайтмаслиги эса шахсий манфаатлар билан боғлиқ.
“Ёшларнинг хорижда қолишига касбий ўсиш имкониятлари, юқори ва барқарор даромад, меҳнатнинг адолатли баҳоланиши, илмий инфратузилма ҳамда давлат институтларига бўлган ишонч таъсир кўрсатади. Улар учун маошдан ташқари, ишга қабул қилиш жараёнининг шаффофлиги, мансаб поғоналарида ўсишнинг адолатлилиги ва уй-жойнинг ҳамёнбоплиги ҳам муҳим.
Хорижда бир неча йил яшаган инсон ўша мамлакатда касбий ва ижтимоий алоқалар ўрнатиши, иш топиши ва оила қуриши мумкин. Вақт ўтиши билан у ўз мамлакатига қайтишни таваккалчилик сифатида қабул қила бошлайди”, — деди Айдар Хамит.
Иқтидорли ёшларни мамлакатга қандай қайтариш мумкин?
Давлат учун асосий вазифа - хорижда таълим олаётган ёшлар сонини камайтириш эмас, балки уларнинг билим ва тажрибасидан мамлакат тараққиёти йўлида фойдаланишдир. Масъул идора маълумотларига кўра, сўнгги беш йилда «Болашақ» дастури бўйича икки мингдан ортиқ битирувчи ўқишни тамомлаган. Уларнинг 1,7 мингдан ортиғи мамлакатга қайтган, мониторингда бўлган битирувчиларнинг 98,2 фоизи эса ишга жойлашган.
Битирувчиларнинг 44 фоизи хусусий компанияларда, 30,9 фоизи давлат муассасаларида, 19 фоизи квазидавлат секторида меҳнат қилмоқда. Бир фоиздан кам қисми дипломатик корпус, миллий компаниялар ва халқаро ташкилотларга ишга жойлашган.
Шу билан бирга, Қозоғистон халқаро таълим тажрибасини мамлакат ичида ривожлантиришга ҳам ҳаракат қилмоқда. Ҳозирда мамлакатда хорижий университетларнинг 30 та филиали ва Хитойнинг техник мутахассислар тайёрлашга мўлжалланган иккита «Лу Бань» устахонаси фаолият юритмоқда. Таълим дастурларининг 80 фоизи ҳудудлар эҳтиёжлари ва техник мутахассисликларга йўналтирилган.
Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида рақамли кампуслар очиш, хорижий профессорларни жалб этиш ва илмий-тадқиқот инфратузилмасини янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу ташаббуслар халқаро даражадаги таълимни Қозоғистоннинг ўзида олиш ва маҳаллий университетларнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.
Ёшларнинг мамлакатда таълим олиб, касбий салоҳиятини рўёбга чиқариши учун таълим имкониятлари билан бир қаторда ҳуқуқий кафолатлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Фалсафа, сиёсатшунослик ва диншунослик институти директори Айгул Садуақасованинг айтишича, янги Конституцияда таълим олиш, илмий ва ижодий фаолият эркинлигига оид нормалар мустаҳкамланган.
“33-модда фуқароларнинг ўрта ва олий таълим олиш ҳуқуқини кафолатлайди. 23-модданинг 1 ва 3-бандларида эса илмий, техник, ижодий ва бадиий фаолият эркинлигига оид кафолатлар назарда тутилган”, — деди у.
Экспертнинг таъкидлашича, бундай ҳуқуқий нормалар ёшларнинг мамлакатга қайтиб, ўз салоҳиятини амалга ошириши учун қулай шароит яратишга хизмат қилади. Бундан ташқари, мамлакат халқаро таълим маконидаги ўз мавқеини мустаҳкамлашга интилмоқда.
“Фан ва олий таълим вазирлиги томонидан амалга оширилаётган «Study in Kazakhstan» лойиҳаси мамлакатимизга қарийб 40 минг нафар хорижий талабани жалб этди. Бугунги кунда асосий масала академик мобилликнинг ўзида эмас, балки ёшларнинг мамлакатга қайтиб, ўз салоҳиятини маҳаллий муҳитда тўлиқ рўёбга чиқариши учун институционал шароит яратишдадир. Шу нуқтаи назардан, ижод эркинлиги, интеллектуал меҳнатни ҳимоя қилиш ва илмий мустақилликка оид конституциявий кафолатлар катта аҳамиятга эга”, — деди Айгул Садуақасова.
Социолог Айдар Хамит эса хорижда яшаётган қозоғистонликларни фақат мамлакатга қайтмагани учун йўқотилган кадрлар деб баҳолаш мумкин эмаслигини таъкидлайди. Унинг фикрича, улар илмий лойиҳалар, инвестициялар ва қўшма ташаббуслар орқали ҳам Қозоғистон тараққиётига ҳисса қўшиши мумкин.
Демак, масала ёшларнинг хорижга билим олиш учун кетишида эмас, балки олган билим ва тажрибасини қайси мамлакатда амалга оширишни танлашидадир. Қозоғистон учун энг муҳими — ёшларнинг касбий салоҳиятини ўз юртида рўёбга чиқаришга рағбатлантирадиган шароитларни яратишни давом эттиришдир.
Муаллиф: Молдир Снадин