Қозоғистонлик сайёҳ дунёдаги энг совуқ жойга борди

Фото: Фото: видеодан кадр

АTYRAU. Kazinform — Атирау шаҳрида истиқомат қиладиган Берик Есенғалиев дунёдаги энг совуқ жой ҳисобланган Оймякон қишлоғига борди. У ҳозирда ушбу ҳудудга қишда борган биринчи қозоғистонлик сайёҳ сифатида саёҳат қилмоқда.

Январь ойининг ўртасида Берик Есенғалиев Ер юзидаги совуқ ва сирли ҳудудлардан бири бўлган Якутияга йўл олди. Унинг саёҳатдаги асосий мақсади — шимолий яримшарнинг «Совуқ қутби» деб аталган Оймякон қишлоғини кўриш. Оймякон — Ер юзидаги энг совуқ макон. Якутиянинг бу ҳудудида январь ойида ҳарорат -50 даражани кўрсатади ва баъзан бу ҳарорат бир ҳафта давом этади. Оймякон тарихидаги энг паст ҳарорат -71,2 даражани ташкил қилган. Совуққа чидамли якут халқи бу совуққа ўрганган.

Сайёҳнинг айтишича, у узоқ вақт давомида афсоналарга айланган Совуқ қутбини ўз кўзи билан кўришни, шу ҳудуддаги қийин турмуш шароитини ҳис этишни ва саха халқи маданияти билан яқиндан танишишни орзу қилган.

— Бу саёҳат мен учун шунчаки саёҳат эмас, ўзимни синашга, чидамлиликни текширишга ва бошқа халқнинг ҳаёт тарзини чуқурроқ ўрганишга имконият беради, — деди Берик Есенғалиев.

Якутияга етиб бориш йўли осон бўлмаган. Берик атайлаб қуруқлик орқали саёҳат қилишни танлаган. 11 январда Атырау шаҳридан чиқиб, Якутск шаҳрига 21 январда етиб борган. Астанада 1 кун тўхтаган вақтни ҳисобга олмаганда, йўлга 9 кун вақт кетган. Аниқроғи, сайёҳ блогер Атирау — Астана — Петропавл — Новосибирск — Тинда — Нижний Бестях йўналиши бўйича поездда юриб, Якутскга машинада етиб борган. 4 вақт минтақасидан ўтиш ва узоқ йўл уйқу режимига таъсир этган бўлса-да, сайёҳни мақсадига етишдан тўхтатмаган.

Сайёҳ энг совуқ қишлоқда шимолий ёруғликни кўрган. Шунингдек, Лена дарёсининг қирғоғидаги чўққига, яъни 2800 метр баландликда Қозоғистон байроғини илиб қўйган. Ушбу лаҳзани ва саёҳатида учраган турли одамлар билан суҳбатини, маҳаллий халқнинг турмуш тарзини тасвирга олиб, ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштириб бормоқда.

— Баҳорда Непалга саёҳат қилмоқчиман. У ердан «ёввойи» ёки «галлюциноген асал», инглизча mad honey деб аталадиган асални йиғишни режалаштирмоқдаман, — деди Берик Есенғалиев.

Атираулик фуқаро саёҳат давомида учраган фуқароларга Қозоғистон ҳақида қизиқарли маълумот айтиб, мамлакатнинг ғарбидаги таъсирли жойларни кўришга таклиф қилиб, мамлакатга сайёҳларни жалб қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Bloomberg Қозоғистонни 2026 йилда дунёнинг топ-25 сайёҳлик йўналиши рўйхатига киритди.