Қозоғистонга кўчиб келганларга уй-жой ва иш топишда ёрдам берилади

Фото: Коллаж: Kazinform

ASTANA. Kazinform — Кўчиб келганлар ва ватандошларни қўллаб-қувватлаш доирасида 471 та оилага 4,5 миллион тенге қийматидаги уй-жой сертификатлари топширилди.

ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги Kazinform агентлигининг расмий сўровига жўнатган жавобида кўчиш ва мослашишга қаратилган ёрдам чоралари бир нечта йўналишни қамраб олганини маълум қилди.

“Кўчиб келганлар ва ватандошларга бир марталик тўловлар, турар жойни ижарага олиш ва коммунал хизматлар харажатларини қоплаш, иш берувчиларга субсидиялар бериш, қисқа муддатли касбий таълим бериш, шунингдек, иқтисодий мобиллик сертификатларини тақдим этиш кўзда тутилган, — дейилган вазирликнинг расмий жавобида.

Бундан ташқари, кўчиб келган фуқароларни ишга жойлаштириш масаласи ижобий ҳал қилиняпти:

  • Меҳнатга лаёқатли ёшдаги фуқаролар сони — 2 982 киши
  • Ўзини ўзи иш билан таъминлаганлар — 1756 киши
  • Тадбиркорлик билан шуғулланувчилар — 45 киши
  • Давлат грантлари олувчилар — 31 киши

Вазирлик маълумотларига кўра, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш доирасида:

  • кўчиб келишда оила аъзосининг ҳар бирига 70 ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичи (ОҲК) миқдорида бир марта тўлов амалга оширилади;
  • турар жойни ижарага олиш ва коммунал хизматлар билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун бир оилага ойига 15 дан 30 ОҲК гача, 12 ой давомида тўлов берилиши кўзда тутилган;
  • кўчиб келишга ёрдам берган иш берувчиларга 400 ОҲК миқдорида субсидия берилади;
  • кўчиб келганлар қисқа муддатли касбий таълимга юборилади;
  • ишга жойлашиш ёки бизнес бошлашда ёрдам кўрсатилади, шу жумладан иқтисодий мобиллик сертификатлари берилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, 2025 йилда Қозоғистонга 6843 киши кўчиб ўтган.