Қозоғистондаги заводлар қайси автомобиль брендларини кўпроқ ишлаб чиқармоқда

ASTANA. Kazinform — Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида Қозоғистонда автомобиль саноати 34,2 фоизга ўсди. Бу ҳақда “Қозоғистоннинг Автомобиль Иттифоқи” (ҚАИ) маълум қилди.

Фото: Kazinform

Дастлабки маълумотларга кўра, 2026 йил январь-сентябрь ойларида Қозоғистонда 146 541 та автотранспорт воситаси ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан (109 223 та) 34,2 фоизга кўп.

Сентябрь ойида Қозоғистон корхоналари 20 215 та транспорт воситасини ишлаб чиқарди. Бу 2025 йил сентябрь ойидаги кўрсаткичга (13 021 та) нисбатан 55,2 фоизга, жорий йил август ойидаги натижага (15 267 та) нисбатан эса 32,4 фоизга кўп.

“Тўққиз ой якунларига кўра, Қозоғистон автомобиль саноати юқори ривожланиш суръатини сақлаб қолди. Соҳа инвестициялар учун жозибадор бўлиб, ишлаб чиқарувчилар Қозоғистондаги мавқеини мустаҳкамлаб, янги лойиҳаларни амалга ошириб келяпти. Улар қаторида Алматида OMODA ва JAECOO автомобилларини ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳамда Қостанайда Li Auto автомобилларини ишлаб чиқаришга тайёргарлик ишлари бор. Кузда маҳаллийлаштиришни ривожлантириш бўйича кўплаб келишувлар имзоланди. Технологик жараёнларни чуқурлаштириш ва мамлакат ичида автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш автомобиль саноатининг Қозоғистон иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини мустаҳкамлайди ва янада оширади”, — деди ҚАИ президенти Анар Мақашева.

Қайси брендлар кўпроқ йиғилган?

Тўққиз ой якунларига кўра, Қостанайдаги Allur («СариарқаАвтоПром») заводи 56 130 та транспорт воситасини ишлаб чиқарди.

Алматидаги Astana Motors Manufacturing Kazakhstan корхонаси Changan, Chery ва Haval брендларига мансуб 40 245 та автомобиль йиғди.

Hyundai Trans Kazakhstan корхонаси 27 305 та, Kia Qazaqstan заводи эса 13 782 та автомобиль ишлаб чиқарди.

Бундан ташқари, тўққиз ой давомида «СемАЗ» 2 293 та, QazTehna 2 014 та, Hyundai Trans Auto 998 та, «КАМАЗ-Инжиниринг» 804 та, Orbis Machinery 433 та, Daewoo Bus Kazakhstan 379 та ва «УралАгроРемМаш» 158 та транспорт воситасини ишлаб чиқарди.

Энг кўп ишлаб чиқарилган автомобиль брендлари ўнталигига қуйидагилар кирди:

  • Chevrolet — 29 555 та автомобиль;
  • Hyundai — 27 275 та;
  • Kia — 17 712 та;
  • Changan — 15 148 та;
  • Chery — 12 593 та;
  • Haval — 10 955 та;
  • Jetour — 6 907 та;
  • JAC — 4 753 та;
  • Geely Galaxy — 3 378 та;
  • MG — 2 497 та автомобиль.

Алоҳида моделлар орасида Chevrolet Cobalt (27 659 та автомобиль), Hyundai Tucson (10 522 та), Kia Sportage (7 139 та), Hyundai Mufasa (6 743 та) ва Changan CS35 Max (5 296 та) етакчилик қилмоқда.

Жорий йилда 190 мингта автомобиль ишлаб чиқарилади

Қозоғистон саноат ва қурилиш вазири Ерсайин Нағаспаев автомобиль ишлаб чиқариш соҳаси жорий йилда жадал ривожланаётганини маълум қилди.

“Сўнгги беш йилда соҳага қарийб 457 миллиард тенге инвестиция жалб этилди. Ўтган йили 171 мингдан ортиқ автомобиль йиғилиб, ишлаб чиқариш ҳажми 18 фоизга ошди. Ижобий ўсиш суръати жорий йилда ҳам сақланиб қолди. Бу йилнинг дастлабки олти ойида 94 400 та автомобиль ишлаб чиқарилди, бу ўтган йилга нисбатан 35 фоизга кўп. Жорий йилги режа — ишлаб чиқариш ҳажмини 11 фоизга ошириб, 190 мингта автомобиль ишлаб чиқариш. Умуман олганда, жорий йилда автомобиль ишлаб чиқариш соҳасидаги ўсиш 131,1 фоизни ташкил этди”, — деди Ерсайин Нағаспаев.

Вазирнинг таъкидлашича, маҳаллий автомобиль саноатини янада ривожлантириш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида вазирлик асосий йўналишларни белгилаб олган. Улар қуйидагилардан иборат:

— Маҳаллийлаштириш даражасини янада ошириш. Бунинг учун янги автомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва маҳаллий корхоналарни дунёнинг етакчи автомобиль компаниялари ишлаб чиқариш занжирларига киритишга устувор аҳамият берилади.

— Автомобилларни аҳоли учун янада қулай ва ҳамёнбоп қилиш. Бу мақсадда автомобиль кредитлари ва лизинг механизмларини такомиллаштириш, жумладан, қарз юки коэффициентини бекор қилиш ҳамда жисмоний шахслар учун автолизингни ривожлантириш кўзда тутилган.

— Электр ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқаришни ривожлантириш. Шунингдек, улардан фойдаланиш учун зарур инфратузилмани шакллантириш режалаштирилган. Бу зарядлаш станциялари тармоғини кенгайтириш ва учувчисиз транспорт технологияларидан фойдаланиш учун зарур шароитларни яратишни ўз ичига олади.

— Ўз лаборатория базасини яратиш. Бу автомобиль ва унинг бутловчи қисмлари техник талабларга мувофиқлигини мамлакатнинг ўзида тасдиқлаш, янги маҳсулотларни бозорга тезроқ чиқариш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда электромобиллар хариди суръати ошгани ҳақида хабар берилган эди.