Қозоғистонда ёзда қўшимча поездлар ва авиақатновлар йўлга қўйилади

ASTANA. Kazinform — Қозоғистонда ёзги таътил ва мактаб каникуллари даврида йўловчи ташиш ҳажмини ошириш мақсадида қўшимча поездлар ва авиақатновлар йўлга қўйилади.

Фото: Көлік министрлігі

ҚР Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, йўловчилар талаби ортиб бораётгани сабабли транспорт компаниялари билан ҳамкорликда туристик йўналишлар бўйича темир йўл ва ҳаво қатновлари кенгайтирилмоқда.

2026 йил ёз мавсумида 15 та қўшимча темир йўл маршрути ташкил этилади. Қўшимча поездлар 16 июндан бошлаб қатнайди.

Янги йўналишлар Астана, Алмати, Қарағанди, Ақтўбе, Семей, Ўскемен, Қизилўрда ва Павлодар шаҳарларидан Достиқ ва Балқаш каби туристик ҳудудларга йўналтирилади.

Ушбу чоралар ёзда поездларда 550 мингга яқин қўшимча ўриндиқ очиш имконини беради.

Шунингдек, йўловчилар оқими кўпайган ҳолатда мавжуд поезд таркиблари ҳам кенгайтирилади.

Ёзги мавсумда поездлардаги вагонлар сони ўртача 19-21 вагонгача кўпаяди. Мавсумий бўлмаган даврда эса бу кўрсаткич 13-15 вагонни ташкил этади.

Шунингдек, 2026 йил 1 июндан бошлаб Қарағанди - Балқаш йўналишида 219/220-сонли йўловчи поезди қатнай бошлайди.

Авиақатновлар учун қўшимча рейслар ҳам очилади.

2026 йил июнидан августгача Астана - Балқаш, Уржар, Ушарал ва Алмати - Балқаш, Уржар, Ушарал йўналишларида ҳафтасига еттитагача қўшимча рейс амалга оширилади.

Ушбу йўналишларда авиачипталар нархи ижтимоий жиҳатдан арзон даражада қолади. Нархи 16 мингдан 20 минг тенгегача бўлади.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2026 йилда Қозоғистонда ҳафтасига 813 та рейс частотаси билан 60 та ички йўналишда мунтазам рейслар амалга оширилади.

Мунтазам авиайўналишларни субсидиялаш дастури доирасида 24 та йўналиш, жумладан, 16 та сайёҳлик йўналиши учун 6,4 миллиард тенге ажратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Измир ва Алмати ўртасида тўғридан-тўғри рейс очилиши ҳақида хабар берган эдик.