— Кўпгина мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Қозоғистонда барча даражаларда бепул таълим олиш имконияти мавжуд. Бу тамойил янги Конституция лойиҳасида ўзгаришсиз сақланиб қолган.
Фарзандларимиз давлат мактабларида бепул ўқийди. Ҳозирда мамлакатимизда 150 минг талаба давлат томонидан молиялаштириладиган коллежларда таҳсил олмоқда. Агар диққат билан қарасангиз, ҳар қандай ёш фуқаро грант асосида олий ўқув юртига кириши мумкин. Давлат ҳар йили бундай грантлар сонини кўпайтирмоқда, — деди Президент.
Мамлакатимизда ўртача умр кўриш давомийлиги илк бор 75,9 ёшга етди. Бу минтақа мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичдир.
— 2023 йилдан бери оналар ўлими 35 фоизга камайди. Чақалоқлар ўлими эса 20 фоизга камайди ва тарихан энг паст даражага етди.
Сўнгги етти йил ичида 1259 та тиббиёт муассасаси қурилди. Улардан 655 таси "Қишлоқ жойларда соғлиқни сақлашни модернизация қилиш" миллий лойиҳаси доирасида қурилган.
Ўтган йили Астанада беморларни даволаш учун Протон терапияси маркази очилди. Бу — бизнинг минтақамиздаги ноёб муассаса. Шунингдек, ўтган йили "Оналар саломатлиги" дастури ишга туширилди. Аёллар саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган ушбу дастур ҳам катта аҳамиятга эга.
Маълумки, менинг топшириғимга биноан 2021 йилдан бери "Аңсаған сәби" дастури амалга оширилмоқда. Унинг доирасида йиллик квоталар сони 7 бараварга ошди (яъни 1 мингдан 7 минггача). Бугунги кунда ушбу ЭКО усули ёрдамида 11 мингдан ортиқ чақалоқ туғилди, — деди Давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Қасим-Жомарт Тоқаев маслиҳат депутатларининг III республика форумида иштирок этмоқда.