Чақалоқлар ўлими ҳам камайди. Ўтган йили бу кўрсаткич 15 фоизга пасайиб, ҳар минг нафар тирик туғилган болага нисбатан 5,85 ҳолатгача тушди. Бу — Қозоғистон тарихидаги энг паст кўрсаткич.
Халқаро баҳолашларга кўра, Қозоғистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида кутилаётган умр кўриш давомийлиги бўйича биринчи ўринда туради. Чақалоқлар ўлими бўйича ҳам минтақадаги энг паст кўрсаткич Қозоғистонда қайд этилган. МДҲ мамлакатлари орасида республика учинчи ўринда.
Қозоғистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) юқумли бўлмаган касалликлардан келиб чиқадиган муддатидан олдинги ўлим ҳолатларини 25 фоизга қисқартириш бўйича белгиланган мақсадига эришди. ЖССТ баҳолашига кўра, ушбу йўналишда тавсия этилган чора-тадбирларнинг ярми тўлиқ амалга оширилган.
“Тиббий ёрдамнинг молиявий жиҳатдан қулайлиги ҳам нисбатан юқори даражада. Фуқароларнинг соғлиқни сақлаш учун ўз чўнтагидан қиладиган харажатлари улуши 27,3 фоизни ташкил этади. Бу Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги кўрсаткичдан 1,5–2,9 баробар паст”, — дейилади хабарда.
Қозоғистон ҳаёт сифатига оид халқаро рейтингларда ҳам юқори ўринларни эгаллайди. Мамлакат БМТнинг Бахт индекси бўйича илк 50 та давлат қаторига кирган МДҲдаги ягона давлат ҳисобланади. 147 та мамлакат орасида Қозоғистон 33-ўринда туради.