Қозоғистонда суғориш мавсуми бошланганидан буён 8 миллиард куб метрдан ортиқ сув ажратилди

Фото: Фото: Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги

ASTANА. Кazinform — Қозоғистонда жорий йилги суғориш мавсуми бошлангандан бери қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун 8 миллиард куб метрдан ортиқ сув сарфланди. Бу ҳақда ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, ушбу ҳажмнинг қарийб 7,7 миллиард куб метри мамлакат жанубидаги бешта ҳудудга тўғри келади. Қизилўрда вилоятида “Қазсушар” маҳаллий филиали фермерлар билан 1015 та сув таъминоти шартномаси тузган. Бугунги кунда вилоятда 126,6 минг гектар ер суғорилиб, умумий сув чиқариш ҳажми 2 миллиард 766 миллион куб метрни ташкил этади.

Вилоятда сув навбатма-навбат бешта магистрал ва учта хўжаликлараро каналлар орқали таъминланади. Айни пайтда вилоятдаги барча экин майдонларининг 98 фоизи алмашлаб суғорилмоқда.

Қизилўрда вилоятида қишлоқ хўжалиги далаларини сув билан таъминлашни яхшилаш мақсадида Сув ресурслари ва ирригация ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари томонидан суғориш каналларига кўчма насос агрегатларини ўрнатиш ишлари олиб борилди. Жами 324 та қурилма ўрнатилди. Туркистон вилоятида сувдан фойдаланиш ҳажми 3,01 миллиард куб метр, суғориладиган ерлар майдони эса 367,9 минг гектарни ташкил этади.

“Қазсушар”нинг маҳаллий филиали томонидан фермерлар билан 9608 та сув таъминоти шартномаси тузилган. Вилоятнинг Сауран туманида 72 вертикал дренаж қудуғи фойдаланишга топширилди. Бу далаларни қўшимча сув билан таъминлаш учун зарур. Ордабаси туманида 17 та вертикал дренаж қудуғи таъмирланди. Шунингдек, вилоятда “Дўстлик” давлатлараро каналининг қуйи оқимидаги фермер хўжаликларини сув билан таъминлашни яхшилаш ва “Қазсушар”нинг Туркистон филиали каналларида сув сатҳини кўтариш мақсадида “Механиклаштирилган сув кўтариш канали”ни механик тозалаш ишлари якунланди.

Бугунги кунда Жетису вилоятида сув таъминоти бўйича 7492 та шартнома тузилган. Вилоятда сув олишнинг умумий ҳажми қарийб 673 миллион куб метрни ташкил этиб, вегетация бошланганидан буён 103,8 минг гектар ер суғорилди. Шунингдек, 17 минг гектар майдонда суғориш ишлари олиб борилди. Жамбил вилоятида сув олиш ҳажми 588,6 миллион куб метрни, суғориладиган далалар майдони эса 66,6 минг гектарни ташкил этади. Вилоятда сув таъминоти бўйича 3 минг 872 шартнома тузилган.

Вегетация мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида “Қазсушар” маҳаллий филиали томонидан 28,8 километр узунликдаги ариқларда механик тозалаш ишлари амалга оширилди. Алмати вилоятида амалда сув олиш 631,4 миллион куб метрни ташкил қилади. Вилоятда вегетация бошланганидан буён 128,4 минг гектар ер суғорилди. Жумладан, "Д.Қонаев номидаги Катта Алмати канали" орқали 46 минг гектардан ортиқ майдонга 226,84 миллион куб метр сув етказиб берилди. Корхона томонидан 2740 та сув таъминоти шартномаси тузилди. Сувни далаларга самарали етказиб бериш учун Қозоғистоннинг барча вилоятларидаги “Қазсушар” филиаллари томонидан 780 км ирригация каналларига механик тозалаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 78 та гидротехник иншоотлар таъмирланди.

— Бу йил ҳаво ҳарорати юқори ва ёғингарчилик кам бўлгани учун Қозоғистоннинг жанубий вилоятларида суғориш мавсуми 20 кун эрта бошланди. Бинобарин, вегетация бошида сув истеъмоли ўртача 50 фоизга ошиб, сув ресурсларига қўшимча юклама бўлди. Сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш ва тақчилликнинг олдини олиш мақсадида сув навбат бўйича етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, “Қазсушар” РДК билан тегишли шартнома тузилган тақдирдагина сув берилади. Вегетация даврининг бориши вазирликнинг доимий назоратида, – дейди Сув ресурслари ва ирригация вазирининг биринчи ўринбосари Нурлан Алдамжаров.

Эслатиб ўтамиз, йил бошидан буён мамлакатда 780 километр узунликдаги каналлар тозалангани ҳақида хабар берган эдик.