Қозоғистонда машинасозлик ишлаб чиқариши 22 фоизга ўсди

ASTANA. Kazinform — Қозоғистонда машинасозлик соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми етти ойда 3,2 триллион тенгега етди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22 фоизга ўсди.

Фото: Ҳукумат матбуот хизмати

Соҳадаги ўсиш транспорт воситалари ишлаб чиқаришининг ортиши билан ҳам боғлиқ. Етти ойда мамлакатда 96 мингдан ортиқ автомобиль ишлаб чиқарилди. Шундан енгил автомобиллар ишлаб чиқариши 37,2 фоизга, автобуслар 27,6 фоизга, махсус техникалар ишлаб чиқариши эса 45,1 фоизга ошди.

Кичик бирликли йиғиш улуши 28,3% га етди. Қостанайдаги тўлиқ ишлаб чиқариш циклига эга KIA Qazaqstan заводи ҳамда Алматида йилига 90 мингта автомобиль ишлаб чиқаришга мўлжалланган Astana Motors Manufacturing заводининг ишга туширилиши ишлаб чиқариш занжирини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, корхоналар атрофида шиналар, аккумуляторлар, автомобиль ўриндиқлари ва мультимедиа тизимларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Агросаноат секторида маҳаллий 10 та корхона тракторлар ва комбайнларга бўлган эҳтиёжнинг 90 фоизини таъминламоқда.

“Темир йўл машинасозлиги соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми 345 миллиард тенгега етди: йўловчи вагонларини ишлаб чиқариш 10,7 фоизга, электровозлар ишлаб чиқариш 23,8 фоизга ошди, вагон-цистерналар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Астанадаги «Локомотив йиғиш заводи» корхонасида маҳаллий таркиб улуши 75 фоизни ташкил этди”, — дейилади хабарда.

Металлургия соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми 8,1 триллион тенгега етди. Пўлат ишлаб чиқариш 4,1 фоизга, чўян 5,8 фоизга, чоксиз қувурлар 30,4 фоизга, қурилиш арматураси ишлаб чиқариш эса 10,5 фоизга ўсди.

Кимё саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 1 триллион тенгегача ошиб, ўсиш 26,9 фоизни ташкил этди.

Енгил саноатда ишлаб чиқариш ҳажми 125,5 миллиард тенгега етди ва 80,1 фоизга ўсди. Шундан тўқимачилик ишлаб чиқариши 2,2 баробарга, кийим-кечак ишлаб чиқариши 27,5 фоизга, чарм ишлаб чиқариши эса 20,3 фоизга ошди.