Қозоғистонда мактаб ўқувчилари ёзда сунъий интеллектни бепул ўрганиш имконига эга бўлади

ASTANA. Kazinform - Қозоғистонда 3,2 миллиондан ортиқ бола таътил даврида ёзги дам олиш ва соғломлаштириш дастурлари билан қамраб олинади. Ўқувчилар учун 11 мингдан ортиқ дам олиш марказлари фаолият юритади, шунингдек экология, спорт, китобхонлик ва сунъий интеллект бўйича дастурлар амалга оширилади. Бу ҳақда ҚР Таълим-маориф вазири Жулдиз Сулейменова маълум қилди, деб хабар беради Kazinform.

Фото: Александр Павский / Kazinform

Вазирнинг сўзларига кўра, ёзги таътил даврида 11 135 та дам олиш маркази фаолият юритади.

Шулардан:

  • 20 та йил давомида ишлайдиган марказларда 44 мингдан ортиқ бола дам олади;
    187 та мавсумий лагерларда 168 минг бола;
    мактаблар ва мактабдан ташқари ташкилотлардаги 10 928 та дам олиш марказларида 2,99 миллион бола қамраб олинади.

Ёзги дам олиш билан юқори қамров кўрсаткичлари Павлодар вилояти, Абай вилояти ва Ақтўбе вилоятида, шунингдек Астана ва Алматида қайд этилган.

“Республика марказлари «Балдәурен» ва «Бөбек»да халқаро ва республика миқёсидаги фан ҳамда IT олимпиадалари, шунингдек ижодий ва спорт мусобақалар ғолиблари орасидан 5 минг нафар бола соғломлаштириш ва ривожлантириш дастурларида иштирок этади. Ҳудудларда эса шундай қўллаб-қувватлаш 370 минг иқтидорли бола учун ташкил этилади”, — деди Жулдыз Сулейменова.

Бундан ташқари, дам олиш билан 729 минг нафар ижтимоий жиҳатдан заиф оилалар фарзандлари, 53 минг нафар махсус таълим эҳтиёжлари бўлган болалар ҳамда педагогик эътиборга муҳтож 17 минг нафар мактаб ўқувчиси қамраб олинади.

Вазир таъкидлашича, ёзда эътибор фақат дам олишга эмас, балки мазмунли бўш вақт ўтказишга ҳам қаратилган. Ўқувчилар саройлари, санъат мактаблари ва қўшимча таълим ташкилотлари базасида ижодий, спорт, туризм, интеллектуал ва меҳнат йўналишларидаги дастурлар амалга оширилади.

“Хусусан, “Яшил дарслар” лойиҳаси доирасида экологик акциялар, билишга йўналтирилган ва амалий тадбирлар ташкил этилади, ўсмирлар эса “Жасыл ел” отрядлари, мактаб ўрмон хўжаликлари ва корхоналарда вақтинча иш билан таъминланади”, — деди у.

Шунингдек, ёз мавсумида TUMO Astana марказида 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар генератив сунъий интеллект, робототехника, дастурлаш, анимация ва график дизайн бўйича бепул амалий курсларда ўқиш имконига эга бўладилар. Ҳозирда 1100 нафар бола таҳсил олмоқда, ёзда қўшимча яна 800 нафар ўсмирни қамраб олиш режалаштирилган.

Дам олиш марказларида шунингдек “Таътилда китоб ўқиймиз” лойиҳаси амалга оширилиб, у болалар ўртасида китоб ўқиш маданиятини ривожлантиришга қаратилган.

Бундан ташқари, сўнгги уч йилда Қозоғистонда қўшимча таълим учун 24 минг ўринга мўлжалланган 44 та ташкилот қурилди, йил охиригача яна 3,8 минг ўринли 10 та объектни қуриб битказиш режалаштирилган. Шу давр мобайнида 15 та болалар соғломлаштириш маркази очилди, жорий йилда яна 4 таси ишга туширилади.