Қозоғистонда қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг офлайн босқичи бошланади

Фото: Фото: Kazinform

ASTANА. Кazinform — Қозоғистонда 20 сентябрдан бошлаб қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади, деб хабар беради Миллий статистика бюроси матбуот хизмати.

Интервьюерлар барча аҳоли пунктларидаги ҳар бир уйга ташриф буюриб, маълумотларни тўплайди. Жами 1,2 миллионга яқин хонадонни қамраб олиш режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш мамлакатда иккинчи марта ўтказилмоқда. Ундан кўзланган мақсад — қишлоқ, посёлка ва қишлоқ округлари даражасида аграр сектордаги аҳвол ҳақида тўлиқ маълумот олиш. Анкета 22 та саволдан иборат. Унда чорва ва паррандалар борлиги, ердан фойдаланиш, боғ экиш, ўғитлардан фойдаланиш ва бошқа маълумотлар сўралади.

— Биз аҳолини рўйхатга олишнинг онлайн босқичини якунладик, бунда қишлоқ хўжалиги тузилмалари ва уй хўжаликлари sanaq.gov.kz сайтида сўровномани тўлдириш имкониятига эга бўлди. Ушбу босқичда 600 мингдан ортиқ респондент иштирок этди. Энди кенг кўламли босқич бошланди: интервьюерлар уйларга ташриф буюришади ва планшетлар ёрдамида маълумотларни тўплашади. Барчангизни тадбирда фаол иштирок этишга ва тегишли маълумотларни тақдим этишга таклиф қиламиз. Саволлар оддий бўлади ва фақат қишлоқ хўжалиги фаолияти билан боғлиқ бўлади. Барча жавоблар статистик мақсадларда фойдаланилади ва учинчи шахсларга берилмайди, — деди бюро раҳбари Мақсат Турлибаев.

Уйма-уй сўровга 2,5 мингдан ортиқ интервьюер жалб қилинади. Улар махсус кўк рангли формада — жилет ва бейсболкада бўлади, бейжикда эса шахсни тасдиқлаш учун QR-код бўлади. Агар уй эгалари уйда бўлмаса, интервьюер алоқа рақами билан билдиришнома қолдиради.

Миллий статистика бюроси ахборот хавфсизлиги ва махфийлигини кафолатлайди. Барча жавоблар қонун билан ҳимояланган ва маълумотлар фақат умумлаштирилган шаклда қўлланилади. Саволлар бўлса, 1446 рақамига қўнғироқ қилиб, Бюронинг call-марказига мурожаат қилиш мумкин (иш вақти 9:00–21:00, қўнғироқлар бепул).

1 августдан бошланган қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш 20 октябрга қадар давом этади.Tўпланган маълумотлар тармоққа оид маълумотларни янгилаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 1 август куни Қозоғистонда қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бошланди.