Қозоғистонда кичик ва ўрта бизнесдаги иш ўринлари сони 36,7 фоизга ошди

ASTANA. Kazinform — Миллий иқтисодиёт вазирлиги кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) Қозоғистон меҳнат бозорининг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланганини маълум қилиб, соҳа ривожи ҳақида ахборот берди.

Фото: ҚР Савдо ва интеграция вазирлиги

“Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, бугунги кунда кичик ва ўрта бизнес соҳасида 4 527 381 киши банд. Бу - мамлакатдаги жами банд аҳолининг 48,6 фоизини ташкил этади. Сўнгги 7 йилда ушбу соҳадаги иш ўринлари сони 36,7 фоизга ошди (2018 йилда — 3,3 миллион киши)”, — дейилади хабарда.

Шунингдек, фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес субъектлари сони 63,5 фоизга ошиб, 2,2 миллионтага етди. Бунинг натижасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 3,2 бараварга кўпайди ва 2025 йил якунларига кўра рекорд даражадаги 104,8 триллион тенгени ташкил этди. Кичик ва ўрта бизнеснинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги (ЯИМ) улуши эса 9,2 фоиз пунктга ошиб, 40,9 фоизга етди.

“Соҳанинг асосий қисмини аввалгидек якка тартибдаги тадбиркорлар ташкил этади. Улар бизнес субъектларининг умумий сонининг 69 фоизини қамраб олиб, 2 миллиондан ортиқ кишини иш билан таъминлайди. Шу билан бирга, ўрта корхоналар бозорнинг атиги 0,1 фоизини ташкил этса-да, тўлиқ ижтимоий пакет таклиф этиладиган, нисбатан барқарор иш ўринларини таъминлайди. Ушбу корхоналарда 428,2 минг киши меҳнат қилади”, — дея маълум қилди вазирлик.

Мамлакатда корхоналар сони бўйича 35 фоиз ўсиш билан савдо соҳаси етакчилик қилмоқда. Бироқ бизнесни кенгайтириш орқали янги иш ўринларини яратиш салоҳияти қайта ишлаш саноати, қурилиш ва агросаноат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида юқори.

Бундан ташқари, мазкур соҳада аёлларнинг ўрни ҳам салмоқли. Улар барча кичик ва ўрта бизнес субъектларининг 48,1 фоизини бошқаради. Якка тартибдаги тадбиркорлар орасида аёлларнинг улуши 52,6 фоизни, юридик шахслар орасида эса 28,1 фоизни ташкил этади.