Қозоғистонда қарийб 15 млн квадрат метр турар жой фойдаланишга топширилди

ASTANA. Kazinform - 2026 йилнинг дастлабки ўн ойида Қозоғистонда қурилиш ишлари ҳажми 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 13,1 фоизга ошди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги Миллий статистика бюросига таяниб хабар беради.

Коллаж: Kazinform/Canva

Мамлакат бўйича амалга оширилган қурилиш ишларининг 89,5 фоизи хусусий қурилиш ташкилотлари, 9,8 фоизи хорижий компаниялар ва 0,7 фоизи давлат ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади. Қурилиш ишлари ҳажмининг ўсиши асосан иншоотларни қуриш ва таъмирлаш ишларининг 15,8 фоизга ошиши билан боғлиқ.

Жорий йил январь-октябрь ойларида бажарилган қурилиш ишлари турлари бўйича энг катта улуш автомобиль йўллари, темир йўллар ва метро қурилишига (25,4 фоиз), нотурар жой бинолари қурилишига (21,5 фоиз) ҳамда турар жой бинолари қурилишига (12,6 фоиз) тўғри келган.

Қозоғистоннинг 18 та ҳудудида қурилиш ишлари ҳажмининг ўсиши қайд этилган. Энг юқори кўрсаткичлар қуйидаги ҳудудларда кузатилган:

  • Улитау вилояти — 2,3 баравар;
  • Қизилўрда вилояти — 30,5 фоиз;
  • Атирау вилояти — 25,7 фоиз;
  • Павлодар вилояти — 23,8 фоиз;
  • Алмати шаҳри — 23,1 фоиз;
  • Туркистон вилояти — 20,6 фоиз;
  • Шарқий Қозоғистон вилояти — 15,5 фоиз;
  • Ғарбий Қозоғистон вилояти — 15,4 фоиз;
  • Ақтўбе вилояти — 14,2 фоиз;
  • Абай вилояти — 13,1 фоиз;
  • Астана шаҳри — 11,8 фоиз.

2026 йил январь-октябрь ойларида фойдаланишга топширилган янги объектларнинг умумий майдони 18 316,3 минг квадрат метрни ташкил этди.

Фойдаланишга топширилган турар жойларнинг умумий майдони 2025 йилнинг январь-октябрь ойларига нисбатан 2,1 фоизга ошиб, 14 919,8 минг квадрат метрга етди. Шундан 9 643,3 минг квадрат метр кўп қаватли уйлар, 5 212,3 минг квадрат метр эса якка тартибдаги турар жойлар ҳиссасига тўғри келади.

Уй-жойларнинг асосий қисми — 14 178,1 минг квадрат метр ёки 95 фоизи хусусий қурувчилар томонидан фойдаланишга топширилган. Шундан 5 648,1 минг квадрат метри аҳоли ҳиссасига тўғри келади.

Уй-жой қурилиши бўйича энг юқори кўрсаткичлар қуйидаги ҳудудларда қайд этилган:

  • Алмати вилояти — 1 107,5 минг квадрат метр (ўсиш 16,9 фоиз);
  • Туркистон вилояти — 988,5 минг квадрат метр ( 6,2 фоиз);
  • Қизилўрда вилояти — 804,1 минг квадрат метр ( 4,9 фоиз);
  • Ақтўбе вилояти — 760,8 минг квадрат метр ( 2,2 фоиз);
  • Жамбил вилояти — 588,3 минг квадрат метр ( 0,4 фоиз).

Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳам янги объектлар фойдаланишга топширилди. Хусусан, 2026 йил январь-октябрь ойларида 22 610 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 44 та умумтаълим мактаби, 5 437 ўринли 37 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда бир сменада 328 нафар беморни қабул қилиш имкониятига эга 9 та амбулатория-поликлиника муассасаси ишга туширилди.

Шунингдек, шифохонага 120 ўринли қўшимча бино қуриб битказилди.