Қозоғистонда иссиқхоналар майдони 2,5 баробарга кенгайди

ASTANA. Kazinform — 2026 йил январь-сентябрь ойларида Қозоғистонда иссиқхоналарда етиштирилган сабзавотлар ҳажми 166,7 минг тоннага етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25,3 фоизга кўп. Бу ҳақда Energyprom.kz маълумотларида келтирилган.

Фото: Үкімет

Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, жорий йилнинг тўққиз ойида иссиқхоналарда помидор етиштириш ҳажми 29,7 фоизга ошиб, 93,8 минг тоннага етган. Бодринг ҳосили эса 21,5 фоизга ўсиб, 68,9 минг тоннани ташкил этган.

Иссиқхона сабзавотлари етиштириш бўйича Туркистон вилояти етакчилик қилмоқда. Ҳудудда жами маҳсулотнинг 54,5 фоизи ёки 90,9 минг тоннаси етиштирилган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 27,5 фоизга кўп.

Чимкент шаҳрида ҳам сезиларли ўсиш кузатилган. Шаҳарда иссиқхона маҳсулотлари ҳажми тўрт баробарга ошиб, 18,2 минг тоннага етган. Алматида ҳосил йиғиш 60,2 фоизга, Атирау вилоятида эса 72,6 фоизга ошган.

Шунингдек, Чимкентда иссиқхона помидорини йиғиб олиш ҳажми тўққиз баробардан зиёдга кўпайган. Ўтган йили 1,6 минг тонна бўлган кўрсаткич жорий йилда 15 минг тоннага етган. Помидор етиштириш ҳажми бўйича эса Ақтўбе вилояти 11,6 минг тонна кўрсаткич билан учинчи ўринни эгаллаган.

Ишлаб чиқариш ҳажми ошиши билан бир қаторда иссиқхоналар майдони ҳам кенгайиб бормоқда. 2026 йилнинг учинчи чорагида қишлоқ хўжалиги корхоналари сабзавот етиштириш учун 7,9 миллион квадрат метр иссиқхонадан фойдаланган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 2,5 баробар кўп.

Мамлакатдаги иссиқхоналар майдонининг қарийб 70 фоизи Туркистон вилояти ҳиссасига тўғри келади. Иккинчи ўринда Чимкент шаҳри жойлашган. Бу ерда иссиқхоналарнинг умумий майдони 676,2 минг квадрат метрга етган.

Шу билан бирга, айрим ҳудудларда иссиқхоналар майдони қисқарган. Энг катта пасайиш Жамбил вилоятида қайд этилган — 6,7 баробар. Жетису вилоятида иссиқхоналар майдони 29,2 фоизга, Манғистау вилоятида 28,3 фоизга, Астана шаҳрида эса 20,4 фоизга камайган.

Маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми ошишига қарамай, Қозоғистон сабзавот импортини ҳам кўпайтирмоқда. 2026 йил январь-август ойларида мамлакатга 9,2 минг тонна бодринг ва корнишон импорт қилинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,7 фоизга кўп.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қиш ойларида бодринг ва помидор импорти сезиларли даражада ортади. Бу эса совуқ мавсумда маҳаллий ишлаб чиқариш ички талабни тўлиқ қондириш учун етарли эмаслигини кўрсатади.