Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, ўсиш асосан саноат ва қурилиш лойиҳалари, шунингдек хусусий сектор фаоллигининг ошиши ҳисобига таъминланган.
Инвестицияларнинг энг катта қисми кичик корхоналар ҳиссасига тўғри келиб, улар томонидан 3,74 триллион тенге сармоя киритилган. Йирик бизнес 2,17 триллион тенге, ўрта бизнес эса 828,5 миллиард тенге инвестиция киритган. Умуман олганда, йирик ва ўрта корхоналар иқтисодиётга киритилган барча инвестицияларнинг қарийб ярмини таъминлаб, инвестиция фаолиятида муҳим ўринни сақлаб қолмоқда.
Ҳудудлар кесимида ўсиш суръатлари бир хил эмас. Энг юқори кўрсаткич Улитау вилоятида қайд этилган бўлиб, бу ерда инвестициялар ҳажми 2,5 баробарга ошган. Шунингдек, Жамбил, Туркистон, Алмати вилоятлари ҳамда Абай вилоятида ҳам сезиларли ўсиш кузатилган.
Айни пайтда Жетису, Манғистау, Қарағанди вилоятлари ва Чимкент шаҳрида инвестициялар ҳажмининг камайиши қайд этилган. Умумий инвестициялар ҳажмида Астана (12,4 фоиз) ва Алмати (11,4 фоиз) етакчи ўринларни эгаллаб турибди.
Инвестициялар таркиби капитал талаб қилувчи йўналишлар устунлигини кўрсатмоқда. Барча маблағларнинг 60,1 фоизи бинолар ва иншоотларни қуриш ҳамда капитал таъмирлаш ишларига, яна 35,1 фоизи эса машина, ускуна ва транспорт воситаларини сотиб олишга йўналтирилган.
Молиялаштиришнинг асосий манбаи корхоналарнинг ўз маблағлари бўлиб, улар умумий ҳажмнинг 67,4 фоизини ташкил этган. Бюджет маблағлари улуши 30 фоизга камайиб, 14,4 фоизни ташкил қилди. Қарз маблағлари ҳиссаси 12,5 фоизни ташкил этган бўлиб, бунда норезидентлар маблағлари ҳам ҳисобга олинган. Банк кредитлари эса инвестицияларнинг 5,7 фоизини таъминлаган.
Тармоқлар кесимида инвестицияларнинг қарийб ярми саноат соҳасига тўғри келган — 42,9 фоиз. Бу кўрсаткичга қазиб олиш ва қайта ишлаш саноати ҳам киради. Кейинги ўринларда кўчмас мулк билан боғлиқ операциялар (19,3 фоиз) ҳамда транспорт-логистика соҳаси (16 фоиз) жойлашган.
Қишлоқ хўжалиги, алоқа, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари улуши нисбатан кичик бўлган. Шу билан бирга, таълим соҳасида фаолликнинг энг кескин пасайиши кузатилган бўлиб, жисмоний ҳажм индекси 27,1 фоизни ташкил этган.