Қозоғистонда интернет тарифлари жаҳон ўртача кўрсаткичидан 3 баробар арзон — Мадиев

ASTANA. Kazinform — Қозоғистон интернет тезлиги юқори бўлган 55 та мамлакат орасида мобил интернет тарифларининг ҳамёнбоплиги бўйича 7-ўринни эгаллади. Бу ҳақда ҚР Бош вазир ўринбосари — Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев маълум қилди.

Фото: Kazinform/ЖИ

“Ноябрь ойидаги рейтингга кўра, Қозоғистон интернет тезлиги юқори бўлган 55 та мамлакат орасида мобил интернет тарифларининг ҳамёнбоплиги бўйича 7-ўринда турибди. Мамлакатимизда мобил алоқанинг ўртача тариф нархи ойига тахминан 10 долларни ташкил этади. Жаҳон бўйича ўртача кўрсаткич эса 27 доллар. Яъни мамлакатимиздаги тарифлар қарийб уч баробар арзон. Интернет-трафик ҳажми ортиб бормоқда. Алоқа тезлигини ошириш ва 5G тармоғини кенгайтириш учун операторлар тармоқ инфратузилмасига инвестиция киритиши керак. Мувозанатни сақлаш муҳим. Тарифлар аҳоли учун ҳамёнбоп, алоқа соҳаси эса инвесторлар учун жозибадор бўлиб қолиши лозим”, — деди Жаслан Мадиев.

Унинг таъкидлашича, Қозоғистон илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида энг юқори тоифага кирди. Ушбу тоифадан Жанубий Корея, Дания ва Сингапур каби 21 та мамлакат ўрин олган. Икки йил ичида Қозоғистон мазкур рейтингда 194 та мамлакат орасида 24-ўриндан 16-ўринга кўтарилди.

“Алоқа инфратузилмасини ривожлантириш бўйича жаҳон рейтингида 41-ўриндан 13-ўринга кўтарилдик. Икки йил ичида 28 поғона юқориладик. Ҳар икки кўрсаткич бўйича ҳам МДҲ ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи ўриндамиз. Бу натижага тизимли ишлар туфайли эришдик. Бунга Давлат раҳбари томонидан эълон қилинган Рақамлаштириш ва сунъий интеллект йилида амалга оширилган ислоҳотлар ҳам ҳисса қўшди”, — деди Бош вазир ўринбосари.