Қозоғистонда ҳар йили 360 мингдан ортиқ чақалоқ дунёга келади
ASTANА. Кazinform — Бугунги кунда Қозоғистонда ҳар йили 360 мингдан ортиқ чақалоқ дунёга келмоқда, уларнинг саломатлигини 4 мингдан ортиқ педиатр, 1000 дан ортиқ неонатолог, маҳаллий амалиёт шифокорлари ҳаётининг илк дақиқалариданоқ диққат билан кузатиб, назорат қилмоқда.
Қозоғистонда ҳар бир бола туғилган пайтдан бошлаб шифокор назорати остида бўлади.
— 7 миллиондан ортиқ бола бепул тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади, ҳар йили 2 миллиондан ортиқ бола скрининг текширувидан ўтади, 4,5 миллиондан ортиқ бола профилактик кўрикдан ўтказилади, 1,5 миллиондан ортиқ бола эмланади, — деди Соғлиқни сақлаш вазири.
Мактаб ёшидаги болаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
— Бугунги кунда ҳар бир мактаб маълум бир клиникага бириктирилган бўлиб, у ерда 6,5 мингдан ортиқ тиббиёт пункти фаолият кўрсатмоқда. Бу болалар саломатлиги билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, ёрдам кўрсатиш, касалликларнинг олдини олиш имконини беради, — деди Ақмарал Алназарова.
Жорий йилдан бошлаб Давлат раҳбарининг топшириғига биноан Қозоғистонда мактабларда овқатланишнинг янги миллий стандарти жорий этилмоқда.
У илмий тавсиялар, ўсиб бораётган организмнинг эҳтиёжлари ва соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида ишлаб чиқилган.
— Биз болалар саломатлиги инфратузилмасини ривожлантирмоқдамиз, эрта ташхис қўйиш, неонатал парвариш, болалар онкологияси, реабилитация ва паллиатив ёрдамга илғор технологияларни жорий этиш борасидаги ишларни давом эттирмоқдамиз, – деди Соғлиқни сақлаш вазири Ақмарал Алназарова.
2025 йилдан бошлаб клиникаларда эрта аралашув марказлари очилади, улар барча муҳтож болаларга ёрдам бериш учун ишлайди.
Қозоғистонда болаларнинг тиш саломатлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
— “Келажакка — соғлом тиш билан” дастури доирасида мамлакатимиздаги барча мактабларда мажбурий стоматологик кўрикдан ўтиш ва кариеслар ривожланишининг олдини олиш чоралари жорий этилди. Мен педиатр ва вазир сифатида боланинг соғлиғи унинг ҳар томонлама камол топиши, ҳаётда муваффақият қозониши, бутун халқнинг билим ва куч-қувватига асос бўлишини жуда яхши биламан, — деди вазир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг соғлиқни сақлашга сарфлаган харажатлари илк бор ЯИМнинг 4 фоизига етгани ҳақида хабар берган эдик.