Қозоғистонда бепул таълим: абитуриентлар 2026 йилда қандай грантларни олиши мумкин

ASTANA. Kazinform - 2026–2027 ўқув йилида Қозоғистонда 89 457 та таълим гранти ажратилган. Бироқ бепул ўқиш имкониятига фақат асосий танлов натижалари орқали эмас, балки бошқа йўллар билан ҳам эга бўлиш мумкин. Абитуриентлар учун яна қандай имкониятлар мавжуд — Kazinform мухбири шарҳида.

Коллаж: Kazinform/ Nano Banana

ОТМ ректорлик грантлари

Қозоғистоннинг кўплаб университетлари ҳар йили ўз таълим (ректорлик) грантларини ажратади. Грантлар сони, иштирок этиш шартлари ва олувчилар тоифаларини ҳар бир олий таълим муассасаси мустақил равишда белгилайди.

Фото: акимат Алматы

Одатда, бундай грантлар юқори натижа кўрсатган МЯТ иштирокчилари, олимпиадалар, илмий танловлар ғолиблари, шунингдек, айрим ижтимоий тоифалар вакилларига мўлжалланади.

Ҳоким гранти

Қўшимча таълим грантлари ҳар йили вилоятлар ва шаҳарлар ҳокимлари томонидан ажратилади.

Улар муайян ҳудуд учун талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Фото: Астана әкімдігі

Грантлар сони, таълим дастурлари рўйхати, иштирокчиларга қўйиладиган талаблар ва ҳужжат топшириш муддатлари маҳаллий ижро органлари томонидан белгиланади. Грант ажратиш тўғрисидаги қарор акимат ҳузуридаги махсус комиссия томонидан қабул қилинади.

Батафсил маълумотни маҳаллий ҳокимият органларининг таълим бўлимлари ва университет қабул комиссияларидан олишингиз мумкин.

Иш берувчиларнинг мақсадли грантлари

Айрим компаниялар университетлар билан тузилган шартномалар асосида талабалар таълимини молиялаштиради. Бундай грантлар муайян йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш учун берилади ва кўп ҳолларда грант ажратган ташкилотда битирувчининг кейинчалик ишлаши назарда тутилади.

Иштирок этиш шартлари иш берувчи ва университет томонидан белгиланади.

Хусусий фондлар ва ҳомийлар грантлари

«Қазақстан халқына» жамоат фонди

2026 йилда «Қазақстан халқына» жамоат фонди 350 та таълим грантини ажратади.

Грант қуйидагиларни ўз ичига олади:

— ўқиш учун тўлов — бир академик йил учун 1 миллион тенггача;

— ўқув йили давомида 10 ой мобайнида ҳар ой 60 минг тенге миқдорида стипендия.

Унда қишлоқ аҳоли пунктлари, кичик шаҳарлар ва моношаҳарлар мактабларини битирган, 25 ёшгача бўлган ва қуйидаги тоифалардан бирига кирувчи битирувчилар иштирок этиши мумкин:

— етим болалар ва вояга етгунга қадар ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;

— ногиронлиги бўлган шахслар;

— ногиронлиги бўлган болалар тарбияланаётган оилалар фарзандлари.

Дастур бепул асосда амалга оширилади ва мажбурий ишлаб бериш ёки маблағни қайтаришни талаб қилмайди.

Ҳужжатларни қабул қилиш 2026 йил 1 августдан 17 августга қадар ҳамкор университетларнинг қабул комиссиялари орқали амалга оширилади. Танлов натижалари фонд томонидан 11 сентябрга қадар расмий сайтда эълон қилинади.

Дастурда 44 та университет иштирок этади. Университетлар рўйхати ва зарур ҳужжатлар тўплами фонд сайтида жойлаштирилган.

«Серпін» дастури

Бепул таълим олишнинг яна бир имконияти — давлатнинг «Серпін» дастури. 2026 йилда ушбу дастур доирасида 2180 та таълим гранти ажратилади.

Дастур мамлакатнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларидаги қишлоқ мактаблари битирувчиларига қаратилган. Улар орасида Туркистон, Қизилўрда, Жамбил, Алмати вилоятлари ва Жетису вилояти бор.

Фото: Kazinform/ИИ

Дастурнинг мақсади — мутахассислар етишмовчилиги мавжуд бўлган ҳудудлар учун кадрлар тайёрлаш.

Таълим Қозоғистоннинг шимолий, шарқий ва марказий ҳудудларидаги университетларда олиб борилади.

Грантлар асосан педагогика, IT, техник ва қишлоқ хўжалиги йўналишларига ажратилади.

Иштирокчиларга давлат стипендияси ва ётоқхонадан жой берилади.

Иштирок этиш учун МЯТдан ўтиш ва танланган таълим дастури бўйича ўтиш баллини тўплаш керак.

Ўқиш бошланганидан кейин грант олиш мумкинми?

Ҳа. Агар абитуриент дарҳол грант олмаган бўлса ҳам, кейинчалик бепул ўқиш имконияти пайдо бўлиши мумкин.

Агар давлат гранти соҳиби ундан воз кечса, бўшаган ўрин танлов натижаларига кўра кейинги номзодга берилиши мумкин.

Бундан ташқари, тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар айрим ҳолларда бўш таълим грантига ўтиши мумкин. Бу имконият бўш грантлар мавжудлиги ва талабанинг академик кўрсаткичларига боғлиқ.

Аввалроқ Қозоғистоннинг машҳур университетларида ўтиш баллари қандай ўзгаргани ва 2026–2027 ўқув йилида қайси йўналишларга энг кўп грант ажратилгани ҳақида ёзган эдик. Шунингдек, грант учун ҳужжат топшириш муддатлари ҳақида ҳам маълумот берган эдик.