Қозоғистонда 25 сентябрь умуммиллий мотам куни деб эълон қилинди

ASTANА. Кazinform — Манғистаудаги ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлиши муносабати билан Қозоғистонда мотам куни эълон қилинди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Фото: Kazinform

— Давлат раҳбарининг фармойиши билан Манғистау вилоятида ҳарбий хизматчиларнинг ўз хизмат вазифаларини бажариш пайтида ҳалок бўлиши муносабати билан 2026 йил 25 сентябрда Қозоғистон Республикасида умуммиллий мотам куни эълон қилинди, — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 24 сентябрда Каспий денгизида ҳарбий машқлар пайтида 9 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилди. Уч нафар ҳарбий хизматчи қутқарилди. Улардан бири касалхонага ётқизилди. Қолганларини қидириш ишлари давом этмоқда.

Ҳарбий хизматчиларнинг ўлими факти бўйича жиноий иш қўзғатилган ва тергов ишлари олиб борилмоқда.

Манғистау вилоятида ҳарбий хизматчиларнинг ўлими сабабларини текшириш учун ҳукумат комиссияси тузилган.

Комиссия таркибига Мудофаа вазири, Манғистау вилояти ҳокими, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш, Транспорт вазирликлари раҳбарияти, Бош ҳарбий прокурор, шунингдек, Чегара хизмати вакиллари кирган.