Қозоғистонда 2030 йилга бориб йилига 6,7 миллиард кубометр газ қазиб олинади
2030 йилга бориб Қозоғистон конларидан табиий газ қазиб олиш ҳажми кескин ошади. Прогнозга кўра, бу кўрсаткич йилига 6,7 миллиард куб метрга етиши режалаштирилган, дея хабар беради Каzinform.
Бу борада “ҚазМунайГаз” миллий компанияси газ стратегиясини ишлаб чиқмоқда. Янги стратегия “Тенгиз”, “Қарашиғанақ” ва “Қашаған” конларини ўзлаштиришни ҳисобга олмаганда, 2030 йилга бориб табиий газ қазиб чиқаришни йилига 6,7 миллиард куб метргача оширишни назарда тутади.
“2023 йилда учта янги кон фойдаланишга топширилди. Булар Жанубий Ақсай, Шарқий Ўриктау, Рожков конлари. “ҚазМунайГаз” компанияси яқин 3-4 йил ичида Марказий Ўриктау конида ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштирмоқда. Бу йилига 1 миллиард куб метрга яқин газ демакдир. 2027 йилда Ғарбий Прорва ва Қаламқас конлари фойдаланишга топширилади. Прогнозга кўра, газ қазиб олиш ҳажми йилига 1,1 миллиард куб метрга етади. Халқаро компаниялар билан биргаликда 12 та истиқболли геология-қидирув лойиҳаси, шунингдек, мавжуд конларни чуқурроқ ўрганиш ишлари олиб борилмоқда”, — дейилади компания матбуот хизмати хабарида.
Ўтган йили ишга туширилган Жанубий Ақсай конида фойдаланиш мумкин бўлган газ захиралари 1,7 миллиард куб метрни ташкил қилади. Бу ерда йилига 100 миллион кубометр газ қазиб олинади. Шарқий Ўриктау конидан қазиб олинадиган газ захиралари 4 миллион тоннани ташкил этади. Бу конда 2,2 миллиард куб метр эриган газ захиралари мавжуд. Ойлик газ қазиб олиш ҳажми қарийб 9 миллион куб метрни ташкил этади.
Шунингдек, Рожков кони жуда кўп захираларга эга. Бу ерда қазиб олинадиган газ захиралари 26,9 миллиард куб метрни ташкил этади. Конденсат захираси эса 12,5 минг тоннани ташкил этади. Кондан йилига 1 миллиард куб метр газ қазиб олиш режалаштирилган.