Қозоғистонда 2026 йилдан бошлаб кичик бизнес учун солиқ ставкаси 2 фоизгача пасайтирилади
ASTANА. Кazinform – Молия вазирлиги томонидан янги Солиқ кодексининг асосий қоидаларини тушунтириш мақсадида аҳоли ва ишбилармон доиралар билан ахборотлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
27 август куни Чимкент шаҳрида 2026 йилдан кучга кирадиган янги Солиқ кодекси нормалари муҳокамасига бағишланган сайёр семинар ташкил этилди.Тадбирда Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси раисининг ўринбосари Жанибек Нуржанов ҳамда қўмита солиқ маъмуриятчилиги масалалари бўйича масъул мутахассислари иштирок этди.
Чимкентда 26 мингга яқин кичик ва ўрта бизнес субъекти фаолият юритмоқда. Вилоятнинг ишлаб чиқариш соҳаси умумий ҳудудий маҳсулотнинг тўртдан бир қисмини, хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши эса қарийб 70 фоизни ташкил этади. Бу ерда кимё, рангли металлургия, нефть-кимёни қайта ишлаш, машинасозлик саноатининг йирик корхоналари жамланган.
Семинарда тадбиркорлар, биринчи навбатда, махсус солиқ режимлари сонини 3 тага қисқартириш масаласига эътибор қаратди. Ушбу янгилик солиқ ҳисоботларини ва корхоналар учун бошқарувни соддалаштиради. Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорлар йилига 4080 БҲМ гача бўлган даромадларини даромад солиғини тўламаган ҳолда қонуний рўйхатдан ўтказишлари ҳамда даромадларининг 4 фоизи миқдорида ижтимоий тўловларни ўтказишлари мумкин бўлади. Кичик бизнес субъектлари учун алоҳида солиқ режими назарда тутилган бўлиб, унинг энг юқори ставкаси 4 фоиз этиб белгиланган, муайян шартлар бажарилган тақдирда у 2 фоизгача пасайтирилади.
"Янги Солиқ кодекси тадбиркорлар ишини сезиларли даражада осонлаштиради. Ҳисоботлар ҳажми қарийб учдан бирга қисқаради ва декларация йилига бир марта тақдим этилади. Қоидаларга риоя этилиши хавфларни баҳолашнинг автоматлаштирилган тизими орқали назорат қилинади. Кичик кредитлар бўйича корхоналар ҳисобларини автоматик блоклаш амалиётига чек қўйилди. Буларнинг барчаси бизнесни янада қулай ва рағбатлантиришга хизмат қилади", - дейди Давлат даромадлари қўмитаси раисининг ўринбосари Жанибек Нуржанов.
Янги Солиқ кодексининг қоидалари хусусий секторни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратади, маъмурий тўсиқларни камайтиради ва Қозоғистон солиқ тизимига бўлган ишончни оширишга ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон солиқ органларида биометрик маълумотларни жорий этади.