Қозоғистонда 200 мингдан ортиқ ўқитувчи СИдан фойдаланиш бўйича бепул курсни тамомлади

Фото: Фото: Таълим-маориф вазирлиги

ASTANА. Кazinform — Қозоғистонлик ўқитувчиларнинг рақамли саводхонлигини оширишга қаратилган ўқув дастури давом этмоқда. Бу ҳақда ҚР Таълим-маориф вазирлиги маълум қилди.

— Янги ўқув йилида 200 мингдан ортиқ ўқитувчи ўқув жараёнида сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш бўйича курсни тамомлади ва уларнинг 140 мингга яқини сертификат олди. Айниқса, Чимкент, Туркистон, Жамбил вилоятлари ўқитувчилари фаоллик кўрсатдилар. Иштирокчиларнинг асосий қисмини бошланғич синф ўқитувчилари ташкил этди, — дейилади хабарда.

ҚР Таълим-маориф вазирлиги ҳузуридаги «Өрлеу» малака ошириш миллий маркази ЮНEСКО билан ҳамкорликда халқаро тажриба асосида ишлаб чиқилган дастурни қозоғистонлик ўқитувчилар учун мослаштирди. Курс давомида ўқитувчилар сунъий интеллект воситаларидан самарали ва ахлоқий фойдаланиш, промпт ёзиш, дарсларни режалаштириш, тест ва ўқув материалларини тайёрлашни ўрганадилар.

Қозоғистоннинг исталган ҳудудидан келган ўқитувчилар reg.orleu.edu.kz сайти орқали дастурга рўйхатдан ўтишлари ва ўзлари учун қулай вақтда LMS платформасида бепул онлайн иштирок этишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда таълим соҳасида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ахлоқий стандарти тасдиқланди.