ТАСС: Қурултой сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинди
«Әділет», «Ауыл», Respublica, «Ақ жол» ва Умуммиллий социал-демократик партиялари Қурултой сайловида 5 фоиздан ортиқ овоз тўплаб, қонун чиқарувчи органда мандатларга эга бўлди. Марказий сайлов комиссияси маълумотларини Россиянинг ТАСС агентлиги тарқатди.
Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловда 9,3 миллион киши иштирок этган, шу тариқа сайловчиларнинг фаоллиги 74,08 фоизни ташкил этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, сайловда «Әділет» партияси – 71,17 фоиз, «Ауыл» партияси – 6,26 фоиз, Respublica партияси – 5,56 фоиз овоз олган. «Ақ жол» партияси – 5,21 фоиз, Умуммиллий социал-демократик партия эса 5,11 фоиз овоз тўплаган.
Jiji Press: Сингапур Катта вазири Ли Сянь Лун талабалар билан учрашди
Сингапур Катта вазири Ли Сянь Лун Қозоғистонга қилган илк расмий ташрифи доирасида Nazarbayev University университетида очиқ маъруза ўқиди. Бу ҳақда Япониянинг Jiji Press агентлиги хабар берди.
Ли Сянь Лун маърузасини Сингапурнинг 1950 йиллардан буёнги тараққиёт тарихи ҳақидаги шарҳдан бошлаб, кейин Сингапур иқтисодиётини ривожлантириш тажрибаси ва Қозоғистон билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида фикр билдирди. Вазир географик жойлашуви ва ресурслари турлича бўлишига қарамай, икки мамлакатнинг ёндашувларида ўхшашликлар борлигини таъкидлади. Айниқса, қўшни давлатлар билан яқин алоқалар ўрнатиш ва дунёнинг турли бурчакларидан ҳамкорлар топиш икки мамлакатга хос хусусият эканини қайд этди.
«Сингапурнинг тараққиёт йўли ҳеч қачон тўғри ва осон бўлмаган. Қозоғистон ва Сингапурнинг шароити турлича. Бизнинг сиёсий қарорларимиз ўз мамлакатимиз хусусиятларига асосланади, шунинг учун Қозоғистоннинг ҳам бошқача қарорлар қабул қилиши табиий. Бироқ барчамиз учун умумий бўлган бир вазифа бор: ўзгаришларга доимо мослаша оладиган тизимни яратиш зарур», – деди Катта вазир Ли Сянь Лун.
Xinhua: Қозоғистон 2029 йилгача бўлган Digital Qazaqstan стратегиясини тасдиқлади
Қозоғистон Ҳукумати 2029 йилгача бўлган Digital Qazaqstan миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режасини тасдиқлади. Xinhua ахборот агентлиги ёзишича, 2028 йилга келиб Қозоғистонда олий таълим муассасалари ва коллежлардаги таълим тизимининг 80 фоизига сунъий интеллект технологиялари жорий этилиши мумкин.
Таълим муассасалари ўқув дастурларини иқтисодиёт эҳтиёжларига мувофиқ равишда янгилаши керак. 2029 йилга келиб мактаб, коллеж ва олий таълим муассасалари битирувчиларининг камида 80 фоизи сунъий интеллект соҳасидаги базавий кўникмаларни эгаллаши кўзда тутилган. Шунингдек, 2029 йилга қадар давлат хизматлари ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кўрсатишга сарфланадиган вақтни камида 50 фоизга қисқартириш режалаштирилмоқда.
Caspian Post: Каспий денгизига янги қутқарув кемаси етказиб берилди
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Каспий денгизида фойдаланиш учун мўлжалланган юқори тезликда ҳаракатланувчи DAMEN Fast Crew Supplier 2710 кемасини қабул қилиб олди. Кема Эстониянинг Курессааре шаҳридаги DAMEN Workboats ишлаб чиқариш корхонасида тайёрланган. Вазирлик маълумотларини Caspian Post нашри тарқатди.
“Янги кема қозоғистонлик қутқарувчиларга воқеа жойига янада тезроқ етиб бориш, қийин вазиятга тушиб қолган инсонларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш ва авария оқибатларини самарали бартараф этиш имконини беради», – дейилади вазирлик хабарномасида.
Юқори тезликда ҳаракатланувчи DAMEN Fast Crew Supplier 2710 қутқарув кемаси Қозоғистоннинг авария-қутқарув флоти имкониятларини янада кенгайтиради.
Report: Нефть-газ соҳасига 100 миллион евро инвестиция жалб қилинади
Франциянинг SNF SA компанияси Қозоғистонда нефть-газ соҳаси учун мўлжалланган полимер маҳсулотлар ва ускуналарнинг маҳаллий ишлаб чиқариш базасини ривожлантиришга қизиқиш билдирмоқда. Нефть берувчанликни ошириш усулларига бағишланган форум доирасида Энергетика вазирлиги ва SNF SA компанияси ўртасида меморандум имзоланди. Бу ҳақда Report хабар берди.
SNF SA маҳаллий ишлаб чиқариш базасини ривожлантиришга 100 миллион еврогача инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Лойиҳа нефть-газ соҳаси учун мўлжалланган полимер маҳсулотлар ва ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, шунингдек, замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган.