Paris Match: Қироллик жуфтининг Қозоғистонга ташрифи
Жаҳон оммавий ахборот воситалари қирол Филипп ва қиролича Матильданинг Қозоғистонга давлат ташрифини кенг ёритди. Paris Match журнали олий мартабали меҳмонларни Ақордада расмий кутиб олиш маросимини батафсил тасвирлаган бўлса, Европанинг EU Reporter нашри Қозоғистоннинг Бельгиядаги элчиси Роман Василенконг икки томонлама ҳамкорлик истиқболларига бағишланган мақоласини эълон қилди.
RTL Info ва The Brussels Times нашрлари эса ташрифнинг тарихий аҳамиятини таъкидлаб, қироллик жуфтига иқтисодиёт, таълим ва маданият соҳалари вакиллари ҳамроҳлик қилганига алоҳида эътибор қаратди.
Report: Транскаспий оптик толали алоқа тармоғи ишга туширилди
15 октябрда Озарбайжон ва Қозоғистон президентлари икки мамлакатни Каспий денгизи туби орқали боғлайдиган, узунлиги 380 километр бўлган оптик толали алоқа тармоғини ишга туширдилар.
Report агентлиги хабар беришича, лойиҳа «Қазақтелеком» АЖ ва AzerTelecom компанияси томонидан ҳамкорликда амалга оширилган. Ушбу тармоқ Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари, шунингдек, Хитойни Европа билан боғлайдиган янги алоқа йўналишининг бир қисми ҳисобланади. У Ўрта ер денгизи ва Қора денгизда жойлашган алоқа тизимларига уланиши мумкин.
Xinhua News: Астана - Қулжа авиарейси йўлга қўйилади
2026 йил 26 октябрдан бошлаб Астана ва Қулжа (Хитой Халқ Республикаси) шаҳарлари ўртасида авиарейс йўлга қўйилади. Бу ҳақда Хитойнинг «Синьцзян жибао» газетаси хабар берди.
Ҳаво қатнови душанба, чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилади. Жадвалга мувофиқ, Астанадан учиш маҳаллий вақт билан соат 07:55 га, Қулжага қўниш эса Пекин вақти билан соат 13:20 га белгиланган. Қайтиш йўналишида Қулжадан учиш Пекин вақти билан соат 15:20 да, Астанaга қўниш эса маҳаллий вақт билан соат 14:50 да амалга оширилади.
Ҳозирги вақтда Хитойнинг Урумчи ва Қулжа шаҳарлари билан Қозоғистоннинг Алмати, Астана, Чимкент ва Ақтау шаҳарлари ўртасида 6 та халқаро авиайўналиш очилган.
ТАСС: e-CMR электрон юк ҳужжати жорий этилди
Қозоғистон ва Россия ўртасида илк бор e-CMR электрон халқаро юк ҳужжати жорий этилди. Транспорт вазирлиги маълумотини Россиянинг ТАСС агентлиги тарқатди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, e-CMR лойиҳаси ҳужжатларни расмийлаштириш харажатларини камайтиради ва ахборот алмашинувини тезлаштиради. Шунингдек, юкларни реал вақт режимида кузатиб бориш имконини беради.
Лойиҳа доирасидаги дастлабки транспорт ташуви Астана — Москва йўналиши бўйича ташкил этилди. Бу Евроосиё иқтисодий иттифоқининг халқаро юк ташишда қоғоз ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш лойиҳаси доирасидаги илк тажриба босқичидир.
Euronews: «Шарқий Салбурин-2026» халқаро фестивали бошланди
9-10 октябрь кунлари Шарқий Қозоғистон вилоятининг Бозанбай қишлоғида илк бор бургутчилик бўйича Осиё очиқ кубоги бўлиб ўтди. Фестивалда тўққизта мамлакатдан қарийб 150 нафар бургутчи иштирок этди. Euronews телеканали мусобақа ҳақида махсус лавҳа тайёрлади.
Турнирда Қозоғистон, Туркия, Россия, Хитой, Мўғулистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Грузия, Испания ва Венгриядан келган иштирокчилар куч синашди. Икки кун давом этган тадбирга қарийб 15 минг томошабин ташриф буюрди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилда тозилар ва бургутчиликка оид фестивалларни ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритиш бўйича ариза берилди. Бургутчилик санъати эса аввалроқ мазкур рўйхатга киритилган.
Jiji Press: Қозоғистон транзит юк ташиш ҳажмини йилига 100 миллион тоннага етказмоқчи
Қозоғистон 2034 йилга қадар йиллик юк ташиш ҳажмини 100 миллион тоннага етказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Япониянинг Jiji Press агентлиги хабар берди.
Ушбу мақсадга эришиш учун давлат денгиз портлари ва денгиз флоти ўтказувчанлик қувватини оширади. Айниқса, темир йўл, автомобиль, денгиз ва ҳаво транспортини ривожлантириш, рақамли ечимларни жорий этишга эътибор қаратилади. Шунингдек, Шарқ — Ғарб, Шимол — Жануб йўлаклари ҳамда Транскаспий халқаро транспорт йўлагини (Ўрта йўлакни) ривожлантириш кўзда тутилган.