Қозоғистон жаҳон ОАВларида: Брюсселга ташриф, Афғонистон бизнес форуми, AI Data Center ва сув тошқинларининг олдини олиш

ASTANA. Kazinform – Бу ҳафта жаҳон интернет нашрлари Қозоғистоннинг ташқи сиёсатига алоҳида эътибор қаратди. Европа Иттифоқи, АҚШ, Хитой, Таиланд ва Афғонистон билан имзоланган йирик келишувлар халқаро ахборот майдонидаги асосий мавзулардан бирига айланди. Бу ҳақда батафсил Kazinform мухбирининг шарҳида ўқинг.

Коллаж: Kazinform / timesca.com / Canva

Euronews: Брюсселда 10 миллиард евролик келишув имзоланди

Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Брюсселга ташрифи доирасида Европа Иттифоқи билан стратегик ҳужжатлар имзоланди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.

Ташрифнинг асосий йўналиши транспорт алоқаларини ривожлантиришга қаратилди. Чунки Қозоғистон Европани Хитой ва Шарқий Осиёнинг бошқа давлатлари билан боғлайдиган Ўрта йўлак бўйида жойлашган. Астана ушбу йўлакнинг юк ўтказиш қувватини 10 миллион тоннага етказишни мақсад қилган.

Европа комиссиясида мазкур йўлак орқали юк ва йўловчи ташиш ҳажмини ошириш имконини берадиган бешта келишув имзоланди. Улар қаторида авиация соҳасидаги ҳамда Қозоғистон фуқаролари учун Шенген визасини олиш тартибини енгиллаштиришга оид келишувлар ҳам бор.

Ташриф давомида умумий қиймати 10 миллиард евро бўлган 30 та тижорат битими имзоланди. Жумладан, Air Astana компанияси Airbus компаниясидан A320 оиласига мансуб 50 та самолёт сотиб олишни режалаштирмоқда.

The Times of Central Asia: AI Data Center кластериташкилэтилишимумкин

Хитойда ўтаётган «Ёзги Давос» иқтисодий форуми доирасида Бош вазир Олжас Бектенов SuperX AI Technology Limited директорлар кенгаши раиси Хуан Чэньхун билан учрашди. Учрашувда томонлар замонавий маълумотларни қайта ишлаш марказини барпо этиш режасини муҳокама қилди. Бу ҳақда The Times of Central Asia хабар тарқатди.

SuperX AI Technology Limited сунъий интеллект инфратузилмалари ҳамда юқори зичликдаги маълумотларни қайта ишлаш марказлари учун ечимлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Компания Қозоғистонда қуввати 1 гигаваттгача етадиган AI Data Center кластерини ташкил этишдан манфаатдор.

Келгусида сунъий интеллект кампусини қуриш, энергия таъминотини йўлга қўйиш ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш режалаштирилган. Шунингдек, маълумотларни қайта ишлаш марказлари учун сервер ускуналари ва технологик ечимлар импорт қилинади.

Anadolu: Қозоғистон ва АҚШ сув тошқинларининг олдини олиш бўйича дастурни қабул қилди

Сув ресурслари ва ирригация вице-вазири Аслан Абдраимов АҚШнинг Dynamic Aviation ҳамда Airborne Snow Observatories Inc. компаниялари вакиллари билан учрашди. Томонлар баҳорги сув оқимини башорат қилиш ва сув тошқини хавфи ҳақида эрта огоҳлантириш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Anadolu ахборот агентлиги маълумотига кўра, Қозоғистон ва АҚШ сув тошқинларининг олдини олиш бўйича дастурни қабул қилди. Лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилиб, сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги узоқ муддатли дастурга айлантирилади.

Report: Кобулда бизнес-форум бўлиб ўтди

Кобул шаҳрида Қозоғистон–Афғонистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбирда Қозоғистоннинг 50 дан ортиқ компанияси ва Афғонистоннинг қарийб 300 нафар бизнес вакили иштирок этди. Миссия доирасида B2B форматида учрашувлар ташкил этилди ҳамда қозоғистонлик компанияларнинг товар ва хизматлари кўргазмаси ўтказилди.

Report агентлиги хабар беришича, форумда умумий қиймати 235 миллион долларлик шартномалар имзоланган. Nesar Elyas Trading LTD компанияси ва «Туркистон мой заводи» МЧЖ кунгабоқар ёғини етказиб бериш бўйича ўн йиллик меморандум имзолади. Шунингдек, «Шабит» МЧЖ Афғонистонга Speranza савдо белгиси остида ишлаб чиқариладиган ёрма маҳсулотларини етказиб беради.

Бундан ташқари, Қозоғистон донни қайта ишловчилар уюшмаси ва Афғонистон Савдо-инвестиция палатаси буғдой уни ва ун маҳсулотлари экспортини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Caspianpost: Қозоғистон ва Таиланд икки йиллик меморандумни имзолади

Қозоғистон ва Таиланд Қироллиги ташқи ишлар вазирлари учрашуви якунлари бўйича 2027-2028 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар дастури имзоланди. Ушбу ҳужжат барча устувор йўналишлар бўйича икки давлат шерикчилигини чуқурлаштиришнинг йўл харитаси вазифасини бажаради. Муҳим меморандум ҳақида Caspianpost хабар қилди.

Ҳужжатда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, транспорт ва логистика, яшил энергетика, стратегик фойдали қазилмалар, туризм ҳамда гуманитар алоқалар устувор йўналишлар сифатида белгиланган. Қозоғистон Таиландни АСЕАН бозорига чиқишда муҳим дарвоза сифатида баҳоласа, Таиланд Қозоғистонни Марказий Осиё ва Евроосиё иқтисодий иттифоқига олиб борадиган асосий кўприк деб ҳисоблайди.