Қозоғистон жаҳон ОАВларида: АЭС учун мутахассислар тайёрлаш, суперкомпьютер ва сув масаласи

Фото: Коллаж: Kazinform/ Canva/ akorda.kz

ASTANА. Кazinform – Бу ҳафта жаҳон интернет нашрлари Қозоғистон ҳақидаги янгиликларни беэътибор қолдирмади. Қирғизистон билан товар айирбошлаш ҳажмининг ошиши ва Давлат раҳбарининг сув масаласига эътибор қаратишига алоҳида урғу берилди. Бундан ташқари, Марказий Осиёдаги энг кучли суперкомпьютер ишга туширилиши ва биринчи АЭС учун қайси томон мутахассислар тайёрлаши айтиб ўтилди. Батафсил Кazinform мухбири шарҳида ўқинг.

ТАСС: Қозоғистон ва “Росатом” биринчи АЭС мутахассисларини тайёрлайди

Қозоғистонда биринчи АЭС қурилишини “Росатом” амалга ошириши маълум бўлди ва тез орада АЭС мутахассисларини тайёрлаш ҳам ушбу компания билан ҳамкорликда амалга оширилиши маълум бўлди. Ҳафта давомида Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги Атом энергияси агентлиги ахборотларини чоп этди.

АЭС қуриш бўйича қарорга мувофиқ, “Росатом” консорциум раҳбари этиб сайланди. Яқинда Атом энергияси агентлиги ва “Росатом” АЭС қуриш бўйича йўл харитасини тасдиқлади. Бундан ташқари, “Росатом” зарур мутахассисларни тайёрлаш билан шуғулланади.

"Консорциум раҳбарининг вазифалари хизмат кўрсатувчи ходимларни ўқитишни ўз ичига олади. АЭСни бошқариш учун тахминан 2000 киши, жумладан, ядровий мутахассисликка эга 400 киши керак бўлади. Қолганлари бизнинг мавжуд кўмир ва газ электр станцияларида ишлайдиган махсус мутахассислардир. Кадрларни ядро ихтисослиги бўйича тайёрлашга келсак, ҳозирда физика, энергетика, электротехника билан боғлиқ 18 та таълим дастури ишга туширилди, — дейилади Атом энергияси агентлиги ахборотида.

Агентлик маълумотларига кўра, мутахассислар Д.Серикбаев номидаги Шарқий Қозоғистон техника университети, Л.Гумилёв номидаги Евроосиё миллий университети, Ал-Форобий номидаги Қозоғистон миллий университетида тайёрланади. Шунингдек, хорижий ОТМларида мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳам чора-тадбирлар кўрилади, бу эса талабаларнинг амалдаги АЭСларда тажриба орттириш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистондаги биринчи АЭС Алмати вилоятида қурилади. Лойиҳа бўйича қурилиш ишлари 2035-2036 йилларда якунланиши керак. Лойиҳанинг тахминий қиймати 14 миллиард долларни ташкил қилади.

Report: Қасим-Жомарт Тоқаев суперкомпьютерни ишга тушириш маросимида иштирок этди

Марказий Осиёдаги энг кучли суперкомпьютер Қозоғистонда ишга туширилди. Муҳим технология Alemcloud Миллий суперкомпьютер марказида жойлашган. Компьютерни ишга тушириш маросимида Давлат раҳбарининг ўзи шахсан иштирок этди. Бу ҳақда Report нашри хабар берди.

Ҳозирда Alemcloud суперкомпьютери Миллий суперкомпьютер марказининг NVIDIA H200 график процессорлари асосида қурилган. Янги data-марказидаги тизим Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги томонидан халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ўрнатилди. Янги суперкомпьютер кластери FP8 ҳисоблаш методологиясидан фойдаланган ҳолда 2 экзафлопсгача ишлашни таъминлай олади. У ҳисоблаш қуввати бўйича Марказий Осиё минтақасида энг яхшиси саналади.

Қасим-Жомарт Тоқаев суперкомпьютернинг ишга туширилиши мамлакатнинг асосий тармоқларини рақамлаштириш йўлидаги муҳим қадам эканини айтди. Бу Қозоғистоннинг рақамли технологияларни ривожлантиришда сезиларли ютуқларга эришишига ёрдам беради. Суперкомпьютернинг ҳисоблаш қувватидан стартаплар, университетлар ва нейрон тармоқ ечимларини ишлаб чиқувчи тадқиқот марказлари, шунингдек, давлат идоралари ва хусусий компаниялар фойдаланиши мумкин.

Аnadolu: Сув хавфсизлиги — Қозоғистон иқтисодиётининг қон томири

Ҳудудда сув танқислиги муаммоси вақти-вақти билан кўтарилади. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев бу сафар яна бир муҳим мавзуга эътибор қаратди. У сув хўжалиги мутахассисларини касб байрамлари билан табриклар экан, соҳа ҳақида ўз фикрларини билдирди. Президентнинг нутқи Аnadolu ахборот агентлиги томонидан тарқатилди.

Президентнинг фикрича, сув хавфсизлиги масаласи Қозоғистон барқарор ривожланишининг асосий шартидир. Шу боис мамлакатда бир неча йиллардан бери Марказий Осиё давлатларининг сув-энергетика консорциумини яратиш ташаббуси илгари сурилмоқда.

– Трансчегаравий дарёлар ҳавзаларида сувдан самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида, биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан ҳамкорликка эътибор қаратиш зарур. Қозоғистон сув ресурсларидан оқилона, адолатли ва тенг ҳуқуқли асосда фойдаланиш тамойилини ёқлайди. Сув хавфсизлиги ва бутун минтақа барқарорлигини таъминлаш бўйича ўзаро мажбуриятларни сақлаш ҳам муҳимдир. Қўшни давлатлар билан конструктив мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик давом этишига умид қиламиз. Қозоғистон Марказий Осиё давлатларининг сув-энергетика консорциумини яратиш ташаббусини изчил илгари сурмоқда, – деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаевга кўра, 2040 йилга бориб дунёда сувга бўлган талаб 40 фоизга ошиши мумкин. Унинг айтишича, бу вазиятга ҳозирдан тайёргарлик кўриш учун аниқ қарорлар қабул қилиш зарур. Шу боис Қозоғистон сув инқирозидан чиқишга қаратилган кўп томонлама ташаббусларда фаол иштирок этмоқда. Президент ўтган йили Саудия Арабистонида бўлиб ўтган махсус саммитда сув муаммоларини ҳал қилишда асосий ёндашувни ўртоқлашгани ёдимизда. Келгуси йилда Қозоғистон БМТнинг Экология бўйича минтақавий саммитини ўтказишни режалаштирмоқда.

"Кичик Оролни сақлаб қолиш бўйича йиллар давомида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бунинг шарофати билан денгиз қайтиб, сувлари тўлиб бормоқда. Каспий денгизи, Балқаш кўли ва бошқа сув манбаларини сақлаб қолиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш зарур, — деди Президент.

Тrend: Қозоғистон-Қирғизистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошди

Жорий йилнинг биринчи чорагида Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 43,5 фоизга ўсди, ҳисобот даврида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми эса 99,9 миллион доллардан ошди. Бу ҳақда Тrend агентлиги Савдо ва интеграция вазирлиги ахборотини тарқатди.

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистондан Қирғизистонга экспорт ҳажми 44,3 фоизга ошиб, 80,1 миллион долларга етган. Қирғизистондан импорт 39 фоизга ошиб, 19,8 миллион долларга етди.

Кейинги йилларда давлатлараро иқтисодий алоқалар кўрсаткичлари жадал ривожланмоқда. Масалан, ўтган йили икки давлат ўртасидаги умумий савдо ҳажми 350,9 миллион долларга етганини биламиз. Бу 2023 йилга нисбатан 8,4 фоизга кўпдир.

Бу йил статистик маълумотлар янада юқорироқ кўринади. Чунки Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Бағлан Бекбауов Қозоғистон-Қирғизистон ишчи гуруҳида ўзаро маҳсулот етказиб бериш бўйича стратегик дастур муҳокама қилинаётганини айтди.

Асосий лойиҳалар қаторида Астанада Қирғизистон маҳсулотларининг пилот аграр кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, Қирғизистоннинг Талас вилояти ва Қозоғистоннинг Жамбил вилояти ўртасидаги савдони оптималлаштириш ва чегара пунктларида юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича келишувга эришилди.