Қозоғистон янги конларни излашга киришди: мамлакатда 200 та қудуқ бурғиланади

ASTANA. Kazinform — Қозоғистонда янги конларни излаш мақсадида 200 та қудуқ бурғилаш режалаштирилган, деб хабар беради ҚР Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: freepik

Атирау шаҳрида бўлиб ўтган KAZDRILLING конференциясида қидирув-бахолаш бурғилаш ишларининг истиқболлари, сервис бозорининг тайёргарлиги ва мамлакатда бурғилаш соҳасини янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Энергетика вазири ўринбосари Ерлан Акбаров бурғилаш ҳажмини ошириш янги конларни очиш ва мамлакатнинг ресурс базасини тўлдириш учун зарур эканини таъкидлади. Тахминий баҳолашларга кўра, қидирув-бахолаш бурғилаш ишлари ҳажми 2026 йилда тахминан 80 та қудуқни, 2027-2028 йилларда эса ҳар йили 120 та қудуқни ташкил қилиши мумкин.

Фото: Энергетика министрлігі

Нефть-газ салоҳияти юқори, бироқ кам ўрганилган чўкинди ҳавзаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бундай участкаларни бериш тартиби соддалаштирилди: ариза келиб тушганидан сўнг вазирлик 10 иш куни ичида аукцион ўтказади. Иш дастурига мувофиқ, дастлабки уч йилда участка ҳудудининг камида 30 фоизида сейсмик қидирув ишларини олиб бориш ва кейинчалик қидирув қудуқларини бурғилаш кўзда тутилган.

Маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ҳам алоҳида аҳамият берилди. Бугунги кунда мамлакатда зарур ишлаб чиқариш салоҳияти шаклланган. Жумладан, Атирау шаҳридаги «Жігермұнайсервис» заводи бурғилаш долотолари, калибраторлар ва бошқа бурғилаш ускуналарини ишлаб чиқаради.

Фото: Энергетика министрлігі

“Бизнинг вазифамиз — бурғилаш хизматларининг барқарор ва рақобатбардош бозорини шакллантириш. Бунинг натижасида янги геологик кашфиётлар амалга оширилиши, захиралар тўлдирилиши, маҳаллий ишлаб чиқариш ривожланиши, малакали иш ўринлари яратилиши ва солиқ тушумлари ортиши керак”, — деди вазири ўринбосари.