Қозоғистон ва Япония ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилади

ASTANA. Kazinform — Қозоғистон ва Япония ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов қайта тикланади. 30 ноябрдан бошлаб Air Astana авиакомпанияси Алмати — Токио йўналиши бўйича ҳафтасига икки марта мунтазам рейсларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ҚР Транспорт вазирлиги маълум қилди.

Фото: Kazinform\ЖИ

ИКАО-нинг Ҳаво транспорти бўйича еттинчи жаҳон конференцияси (ATConf/7) доирасида Қозоғистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари Талғат Ластаев ҳамда Япония Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирлиги вазир котибиятининг халқаро авиация бўйича вазир ўринбосари ёрдамчиси жаноб Сэити Тадзима ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида томонлар фуқаро авиацияси соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, Қозоғистон ва Япония ўртасидаги авиақатновларни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Жумладан, Алмати — Токио йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Талғат Ластаев тўғридан-тўғри авиақатновнинг очилиши узоқ танаффусдан сўнг икки мамлакат ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлишини таъкидлади. Шунингдек, бу ишбилармонлик, туризм, инвестиция ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қўшимча туртки беришини қайд этди.

2026 йил 30 ноябрдан бошлаб Air Astana авиакомпанияси Алмати — Токио (Нарита аэропорти) йўналиши бўйича ҳафтасига икки марта мунтазам тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширишни режалаштирган. Авиа чипталар савдоси жорий йил 2 октябрдан бошланган.

Парвозлар Airbus A321LR самолётларида амалга оширилади. Авиакомпания жадвалига мувофиқ, Алматидан Токиога парвоз давомийлиги тахминан 7 соат 30 дақиқани, қайтиш рейси эса 9 соат 25 дақиқани ташкил этади.

Рейсларни йўлга қўйиш икки мамлакат ўртасидаги ҳаво транспорти хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, туристик сафарлар ва ишбилармонлик алоқалари учун қўшимча шароитлар яратиш, шунингдек, Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги муҳим авиация ва транзит хаби сифатидаги ролини мустаҳкамлашга қаратилган.

Учрашув давомида Қозоғистон томони авиақатновларни янада кенгайтириш ва икки мамлакат миллий авиакомпаниялари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Суҳбатнинг алоҳида мавзуларидан бири ИКАО доирасидаги ҳамкорлик бўлди. Талғат Ластаев Япония томонини жаноб Тосиюки Онуманинг ИКАО Кенгаши президенти лавозимига сайлангани билан табриклади ва ушбу воқеанинг Япония ҳамда бутун Осиё-Тинч океани минтақаси учун аҳамиятини таъкидлади. Ташкилот тарихида илк бор мазкур минтақа вакили ИКАО Кенгашига раҳбарлик қилмоқда.

Вазир ўринбосари жаҳон фуқаро авиациясининг хавфсизлигини таъминлаш, барқарор ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида Қозоғистон ва Япония авиация идоралари ўртасидаги фаол мулоқотни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, халқаро майдонлардаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.