Қозоғистон ва Венгрия икки дипломли магистратура дастурини йўлга қўйди

Фото: Фото: Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги

ASTANА. Кazinform — Қозоғистон ва Венгрия университетлари сув ресурсларини бошқариш ва сув дипломатиясига йўналтирилган икки дипломли магистратура дастурини йўлга қўйди. Бу ҳақда ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги маълум қилди.

Давлат раҳбарининг халқимизга Мурожаатномасида қайд этилган сув дипломатияси соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш вазифасини амалга ошириш доирасида Қозоқ миллий сув хўжалиги ва ирригация университети Венгриянинг Корвинус университети билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Ушбу ҳамкорлик натижасида “Сув ресурсларини бошқариш ва сув дипломатияси” йўналиши бўйича икки дипломли магистратура таълим йўналиши ишлаб чиқилди ва йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг август ойида Еврокомиссия Erasmus Mundus Design Measure дастури доирасида 60 000 евро миқдорида грант ажратди. Ушбу грант сув ресурслари ва сув дипломатияси бўйича интеграциялашган қўшма магистрлик дастурини ишлаб чиқиш учун учта Европа ва тўртта Марказий Осиё университетлари, жумладан, Қозоқ миллий сув хўжалиги ва ирригация унмверситети консорциумига берилди. Консорциум экспертларининг биринчи йиғилиши октябрь ойи охирида Будапештда бўлиб ўтади. Келгуси 15 ой ичида улар Европа Комиссияси кўриб чиқиши учун тўлиқ ишлаб чиқилган дастурни тақдим этишлари керак. Агар дастур тасдиқланса, умумий бюджети 5 миллион евро ва муддати олти йил бўлган магистратура дастурини биргаликда амалга ошириш бошланади.

Экспертларнинг биринчи йиғилишида, шунингдек, Сув ресурсларини бошқариш ва сув дипломатияси бўйича қўшма марказни ташкил этиш таклиф этилади. Ушбу марказнинг бош офиси Тараздаги Қозоқ миллий сув хўжалиги ва ирригация университетида жойлашган.

— Қўшма магистратура дастури умумий сув ресурсларини биргаликда бошқаришнинг замонавий концепцияларини ўз ичига олади. Хусусан, манфаатларни тақсимлаш, халқаро ҳамкорлик назарияси, сувнинг сиёсий иқтисоди ва конфликтларни таҳлил қилиш каби йўналишлар кўриб чиқилади. Дастур талабаларга икки томонлама, минтақавий ва глобал миқёсда самарали музокаралар олиб бориш учун зарур бўлган амалий кўникмаларни ўргатади, — деди университет ректори Камшат Тусипова.

Шунингдек, Қозоқ миллий сув хўжалиги ва ирригация университети негизида илмий мактабларни яратиш ва ривожлантириш ҳам маъқулланди. Хусусан, сув ресурслари муҳандислиги мактаби, сув таъминоти ва канализация мактаби, қишлоқ хўжалиги сув ва ирригация тизимларини бошқариш мактаби, гидрология, экология ва атроф-муҳит мактаби, архитектура ва логистика мактаби, энергетика мактаби, давлат бошқаруви сиёсати ва бошқаруви мактаби, масофадан зондлаш ва разведка мактаби.

— Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги ташкил этилганидан буён бошқа ваколатли органлар билан биргаликда сув хўжалигида кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда сув йўналиши бўйича 2500 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. 2024 йилда сув хўжалиги корхоналарида ишлаб чиқариш амалиётини ўтаган талабалар сони 82 нафарни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 450 нафарга етди. Шунингдек, мамлакатимиз олий таълим муассасаларида сув дипломатияси соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича дастурлар жорий этилмоқда, — деди Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржон Нуржигитов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Орол денгизи ҳажмини ошириш бўйича белгиланган вазифалар муддатидан олдин бажарилиши ҳақида хабар берган эдик.