Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 10 млрд долларга етказиш режалаштирилмоқда

ASTANA. Kazinform - ҚР Молия вазири Мади Такиев Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш режалари ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги мухбири хабар берди.

Фото: Report.az

“Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажмимиз юқори. Ўтган йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 4,7 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса 3,7 миллиард долларлик кўрсаткичга эришдик. Товар айирбошлаш ҳажми 29 фоизга ошди. Бироқ олдимиздаги вазифа — уни яқин вақт ичида 10 миллиард долларга етказиш”, — деди Мади Такиев Қурултойдаги брифингда.

Ушбу мақсадга эришиш учун икки мамлакат божхона хизматлари ваколатхоналарини очиш тўғрисидаги битим имзоланганини ҳам таъкидлади.

“Ушбу ваколатхона маҳаллий ва хорижий тадбиркорларга товар айирбошлаш ҳажмини оширишда амалий ва назарий ёрдам кўрсатади. Масалан, товарларнинг чегарада ушланиб қолмаслиги ва бошқа масалалар Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда ҳал этилади”, — дея изоҳ берди вазир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон билан чегарадаги «Жибек Жоли» ўтказиш пунктини модернизация қилиш ишлари қачон якунланиши ҳақида хабар берилган эди.