Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилди — Маулен Ашимбаев

Фото: Фото: Дәулет Ізтілеу/ Kazinform

ASTANА. Кazinform — Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ишончга асосланади. Бу фикрни ҚР Сенати раиси Маулен Ашимбаев билдирди.

— Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда Президентлар Қасим-Жомарт Тоқаев ва Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилди. Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома, Давлат чегарасини делимитация қилиш тўғрисидаги шартнома, келгуси 10 йилга мўлжалланган стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар фаол ривожланмоқда. Биз худди шу йўналишда ҳаракат қилмоқдамиз. Бизни бирлаштирган умумий мақсад – барқарор, фаровон ва очиқ Марказий Осиё. Глобал беқарорлик ҳукм сураётган ушбу мураккаб даврда мамлакатларимиз ўртасида ҳар қандай келишувдан ҳам кучлироқ нарса – ишонч бор, – деди Маулен Ашимбаев пойтахтда бўлиб ўтаётган Қозоғистон-Ўзбекистон зиёлиларининг биринчи форумида.

Сенат раисининг сўзларига кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ишонч ҳеч қандай ҳужжатда ёзилмаган ва архивда чанг босиб ётмайди.

— Ишонч илдизи икки халқнинг ўзида, ўзаро ҳурмат, самимий дўстлик, маданий алмашинув ва инсоний муносабатлардан келиб чиқади. Бу борада маданий-гуманитар соҳа ҳал қилувчи ўрин тутади. Маданият, санъат, таълим – ҳеч қандай сиёсий бўрон буза олмайдиган кўприкдир. Уларнинг асоси умумий тарих, ўзаро ҳурмат ва бир-бирига бўлган самимий қизиқишдир. Халқларимиз маданияти кунлари, театр гастроллари, биенналелар, китоб таржималари, илмий симпозиумлар – буларнинг барчаси ҳамкорлигимизни жонлантириб, барқарорлик бахш этади. Ишончим комилки, зиёлилар ва ижодкорларнинг бугунги учрашуви ғоялапр, фикрлар ва режалар алмашиш майдончасига айланади, бир-биримизни тинглаш ва умумий келажак сари яна бир қадам ташлаш имконини беради, — дея қўшимча қилди Маулен Ашимбаев.

Бугун Астана шаҳрида Қозоғистон-Ўзбекистон зиёлиларининг биринчи форуми бўлиб ўтмоқда. Илк бор ташкил этилган форумда Қозоғистон Республикаси Сенати раиси Маулен Ашимбаев ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Қозоқғистон-Ўзбекистон илмий ва ижодий зиёлилари вакиллари иштирок этмоқда.