Қозоғистон ва Ўзбекистон халқаро юк ташувларини тартибга солишнинг онлайн тизимини жорий қилди

ТASHKENT. Kazinform - Қозоғистон ва Ўзбекистон халқаро юк ташувлари соҳасида рухсатнома алмашишнинг электрон тизимини жорий қилди, дея хабар беради Кazinform агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Алихан Асқар.

Фото: Александр Павский/Kazinform

Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, мамлакатлар ўртасида юк ташувлари жараёнини оптималлаштириш мақсадида рухсатнома бланкаларини алмашишнинг «E-Permit» электрон тизими ишга туширилди.

«E-Permit» тизимидан фойдаланган ҳолда илк бор квоталар алмашинуви жараёни амалга оширилиб, “Яллама” божхона пункти орқали юк автомобиллари ўтказилди. Мазкур тизим “Рақамли транспорт” маркази мутахассислари томонидан тест режимида муваффақиятли ишга туширилди”, — дейилади Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ахборотида.

Шунингдек, вазирлик икки давлат ўртасида юк ташувлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида келгусида замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.