Туркия Транспорт ва инфратузилма вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси бош бошқармаси (SHGM) маълумотларига кўра, Истанбулда Қозоғистон Фуқаро авиацияси қўмитаси билан ҳаво қатновини ривожлантириш масалалари бўйича музокаралар ўтказилди. Учрашув якунида Туркия Фуқаро авиацияси бош бошқармаси бош директори Кемал Йуксек ва Қозоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги Фуқаро авиацияси қўмитаси раиси Салтанат Томпиева ўзаро англашув меморандумини имзолади.
Янги қоидаларга мувофиқ, икки мамлакат ўртасида йўловчи ташиш бўйича мавжуд ҳуқуқлар кенгайтирилиб, авиакомпанияларга рейсларни янада мослашувчан тарзда режалаштириш имкони берилади.
Хусусан, Истанбулдан Қозоғистоннинг йирик шаҳарларига, айниқса Астана ва Алматига амалга ошириладиган рейсларнинг ташиш салоҳияти оширилди. Шунингдек, Анқара, Анталья ва Бодрум орқали икки мамлакатнинг бошқа шаҳарлари ўртасида ҳаво қатновини ривожлантириш учун шароит яратилди.
Келишув доирасида икки мамлакат авиакомпанияларига ҳафтасига 38 тагача ўзаро мунтазам юк рейсларини амалга оширишга рухсат берилди. Бу Туркия ва Қозоғистон ўртасидаги савдо ва логистика алоқаларини ҳаво орқали юк ташиш ҳисобига мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Янги протокол авиакомпанияларга бозор шароитига қараб ўз фаолиятини мослашувчан тарзда режалаштириш учун қўшимча имконият беради. Янгиланган йўналишлар ва ҳаво қатнови ҳуқуқлари икки мамлакат ўртасида янги маршрутларни очиш ҳамда амалдаги йўналишларда рейслар сонини кўпайтириш учун ҳуқуқий ва операцион асос яратади.
Шунингдек, томонлар ҳамкорликни фақат ҳаво ташувлари билан чеклаб қолмасдан, авиация хавфсизлиги, кадрлар тайёрлаш, техник хизмат кўрсатиш, ердаги хизматлар, аэропортлардан фойдаланиш ва рақамлаштириш йўналишларида ҳам ривожлантиришга келишиб олди.
Томонларнинг фикрича, янги протокол Туркия ва Қозоғистон ўртасидаги авиация соҳасидаги дўстона ва иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиб, туризм, савдо ва ўзаро сафарларни ривожлантиришга туртки беради.