Қозоғистон ва Сингапур ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард долларни ташкил этди

Фото:
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон ва Сингапур ўртасидаги савдо айланмаси ўтган йили 65 фоизга ошди. Бу ҳақда Қозоғистон-Сингапур бизнес-форумининг очилишида ҚР Бош вазири Алихан Смаилов маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Савдо-иқтисодий ҳамкорлик – муносабатларимизнинг асоси ҳисобланади. Сингапур Қозоғистон учун ASEAN минтақасидаги энг йирик савдо ва сармоявий шериклардан биридир. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 65 фоизга ошиб, 2 миллиард долларни ташкил этди. Шунингдек, кейинги йилларда ушбу мамлакатдан жалб қилинган сармоя ҳажми 6 баробар ошди. Қозоғистонда ушбу давлат билан 230 дан ортиқ қўшма корхона иш олиб боряпти», – деди Алихан Смаилов.

ҚР Ҳукумати раҳбари улар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш йўллари ҳали кўплигини таъкидлади.

«Сингапурнинг йирик компаниялари Қозоғистонда ўз фаолиятини кенгайтираётганидан жуда хурсандман. «Surbana Jurong» компаниясига Алмати вилоятида G4 City деб номланган улкан лойиҳани амалга оширишда муваффақиятли ҳамкорликни йўлга қўйгани учун миннатдорчилик билдираман. Лойиҳанинг мақсади G4 City махсус иқтисодий ҳудудини Қозоғистондаги энг йирик сармоявий марказга айлантиришдан иборат. Шунингдек, PCА International компаниясига келишув учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Биз ушбу компания билан юк ташиш соҳасида қўшма корхона ташкил этиш истагидамиз. Шу билан бирга, Indorama Corporation Pte компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйяпмиз», – деди Бош вазир.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай

Сўнгги хабарлар