Ҳужжат «Қозоғистон атом электр станциялари» МЧЖ ва «Росатом» давлат атом энергияси корпорациясининг шўба корхонаси — «Атомстройэкспорт» АЖ ўртасида имзоланди.
Шартномани имзолаш маросимида Қозоғистон Республикаси Атом энергияси агентлиги раиси Алмасадам Сатқалиев ва «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв иштирок этди.
Шартноманинг имзоланиши Қозоғистондаги биринчи АЭС қурилиши лойиҳаси янги амалий босқичга ўтганини англатади.
2026 йил 28 майда имзоланган ҳукуматлараро келишувга мувофиқ, томонлар белгиланган тартиб-таомилларни, жумладан, Қозоғистон Республикаси Ҳукумати билан зарур келишувларни амалга оширишга киришади.
“АЭС лойиҳасини амалга ошириш мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга. Иқтисодиёт, саноат, инфратузилма, рақамлаштириш ва сунъий интеллектнинг ривожланиши билан боғлиқ ҳолда Қозоғистоннинг ишончли ва барқарор электр энергиясига бўлган эҳтиёжи босқичма-босқич ортиб боради.
Атом энергетикаси келгуси ўн йилликлар давомида барқарор базавий электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлаш имконини беради. Шу билан бирга, лойиҳани амалга ошириш маҳаллий саноатни ривожлантириш, илғор технологияларни жорий этиш ва юқори малакали кадрларни тайёрлаш учун қўшимча имкониятлар яратади”, — дейилади хабарда.
АЭС қурилиши Қозоғистоннинг энергетик хавфсизлиги ва мустақиллигини мустаҳкамлаш, саноат ва технологик салоҳиятини ривожлантириш, кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда мамлакатнинг технологик суверенитетини кучайтиришга қаратилган узоқ муддатли сиёсатнинг муҳим қисми ҳисобланади.
“Биринчи АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш жараёнида маҳаллий таркибий қисмга — Қозоғистон корхоналари, мутахассислари, товарлари, ишлари ва хизматларини имкон қадар кенг жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Биринчи АЭС қурилиши маҳаллий саноатни ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва технологияларни ўзлаштириш, шунингдек, атом энергетикасини янада ривожлантириш учун миллий компетенцияларни шакллантиришга туртки бериши керак”, — дейилади агентлик хабарномасида.
Лойиҳани амалга ошириш барқарор иқтисодий ўсиш учун узоқ муддатли асос яратиб, Қозоғистонда замонавий атом саноатини ривожлантиришдаги асосий босқичлардан бирига айланади.