Қозоғистон ва Осиё тараққиёт банки сув соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиради

ASTANA. Kazinform — ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов Осиё тараққиёт банки вице-президенти Фатима Ясмин билан учрашди. Томонлар қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Су ресурстары және ирригация министрлігі

Учрашувда Ақмола вилоятида Есил дарёсида контррегулятор қуриш лойиҳасининг амалга оширилиши кўриб чиқилди. Ҳозирги вақтда лойиҳани молиялаштиришга тайёрлаш ва давлат кафолатини олиш жараёнлари давом этмоқда.

Вазирлик маълумотига кўра, контррегуляторнинг лойиҳавий сиғими 873 миллион куб метрни ташкил этади. Иншоот тошқин сувларини тўплаш ва уларнинг оқимини самарали тартибга солиш имконини беради. Бу Есил дарёсининг қуйи оқимига сувнинг хавфсиз ўтишини таъминлаб, Шимолий Қозоғистон вилоятидаги Сергеев ва Петропавл сув омборларининг барқарор ишлаши учун шароит яратади. Шунингдек, дарё бўйида жойлашган аҳоли пунктларини сув босиши хавфини камайтиради.

“2024–2028 йилларга мўлжалланган сув соҳасини ривожлантириш бўйича комплекс режа доирасида Қозоғистоннинг саккиз ҳудудида сув омборларини қуриш ва реконструкция қилишга оид 42 та лойиҳа танлаб олинди. Биз ушбу ташаббусларни амалга ошириш юзасидан Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлик масалаларини ҳар томонлама ишлаб чиқишга тайёрмиз”, — деди Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов.

Учрашув якунида томонлар Қозоғистоннинг сув хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини тасдиқлади.