Учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, авиақатновлар ва туристик алоқаларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
ҚР Фуқаро авиацияси қўмитаси маълумотига кўра, музокаралар якунида ҳар икки томоннинг тайинланган авиакомпаниялари учун мунтазам авиақатновлар сонини ҳафтасига 7 тадан 14 тагача ошириш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар, шунингдек, «ҳаво эркинлиги»нинг бешинчи даражаси ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда парвозларни амалга ошириш имкониятини муҳокама қилди. Бу авиакомпанияларга халқаро йўналишларни ташкил этишда қўшимча тижорат имкониятларини кўриб чиқиш имконини беради. Мальдив ороллари қозоғистонликлар орасида машҳур дам олиш масканларидан бири ҳисобланади. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги авиақатновларни ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароит яратади.
Томонлар фуқаро авиацияси соҳасидаги шерикликни янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мальдив ороллари туристик декларацияни тўлдириш тартибини ўзгартиргани ҳақида хабар берилган эди.