Қозоғистон ва Германия саноат, технология ва хомашё соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитасини имзолади

ASTANA. Kazinform — Қозоғистон ва Германия 2026-2028 йилларга мўлжалланган Саноат, технология ва хомашё соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитасини имзолади. Келишув Қозоғистон-Германия бизнес-форуми доирасидаги музокаралар якунлари бўйича тузилди, деб хабар беради Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: ҚР Өнеркәсіп және құрылыс миниытрлігі

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи доирасида Берлин шаҳрида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида Қозоғистон–Германия бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Форумнинг панель сессияси очилишида Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазири Ерсайин Нағаспаев икки томонлама ҳамкорликнинг, жумладан, саноат ва инвестициявий шерикликнинг асосий йўналишларига тўхталди.

Фото: ҚР Өнеркәсіп және құрылыс министрлігі

2005 йилдан бери Германиянинг Қозоғистон иқтисодиётига киритган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 8 миллиард доллардан ошди. Уларнинг қарийб 90 фоизи қайта ишлаш саноати секторига йўналтирилган. Қозоғистонда немис капитали иштирокида 1100 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Қўшма инвестиция портфели умумий қиймати 54,2 миллиард доллар бўлган 44 та инвестиция лойиҳасини ўз ичига олади. Улар орасида CLAAS, Linde, Siemens, Heidelberg Materials, Knauf ва бошқа компанияларнинг ишлаб чиқариш корхоналари бор.

“Қозоғистон немис бизнеси билан яқин ва ишончли ҳамкорлик ўрнатишга очиқ. Илғор технологияларимиз, инвестицияларимиз ва ресурсларимизни бирлаштирган ҳолда, мамлакатларимиз иқтисодиёти манфаатлари йўлида ишончли ва барқарор саноат кооперациясини йўлга қўйишимиз мумкин. Умумий сиёсий ирода ва конструктив мулоқот туфайли икки томонлама стратегик шерикликни янада аниқ мазмун билан бойитишимизга ишонаман”, – деди Ерсайин Нағаспаев.

Фото: ҚР Өнеркәсіп және құрылыс министрлігі

Форум доирасида ҚР Саноат ва қурилиш вазири Ерсайин Нағаспаев Германия Федератив Республикаси Федерал иқтисодиёт ва энергетика вазири Катерина Райхе билан учрашди. Томонлар минерал-хомашё базасини ўзлаштириш, технологиялар трансфери ва чуқур қайта ишлашни ривожлантириш каби кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдилар.

Шунингдек, вазирлик WILO Central Asia компанияси билан насос тизимларини маҳаллийлаштиришни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзолади. Deutsche Bahn AG компанияси билан темир йўл машиналарини ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишув имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ва Германия умумий қиймати 2 миллиард доллар бўлган 30 дан ортиқ ҳужжатни имзолагани ҳақида хабар берилган эди.