Қозоғистон ва БАА ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш бўйича келишувга эришди

ASTANA. Kazinform — Араб томонининг таклифига биноан Қозоғистон Ички ишлар вазири Бирлашган Араб Амирликларига (Абу-Даби шаҳри) амалий ташриф билан борди, деб хабар беради Polisia.kz.

Фото: Polisia.kz

Ташриф доирасида ҚР Ички ишлар вазири Ержан Саденов Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазирининг ўринбосари ҳамда Ички ишлар вазири Шайх Саиф бин Зоид Ол Наҳаён билан музокаралар ўтказди.

Томонлар жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, уюшган трансмиллий жиноятчилик, кибержиноятчилик ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш, жиноятчиларни қидириш, тезкор ахборот алмашиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда кадрлар тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.

Фото: Polisia.kz

Музокараларнинг асосий натижаси сифатида Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазирлиги ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжат икки мамлакат фуқаролари учун маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ва қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган.

Ҳар йили Бирлашган Араб Амирликларига тахминан 400 минг нафар Қозоғистон фуқароси ташриф буюради. Шунингдек, БАА ҳудудида қарийб 14 минг нафар қозоғистонлик доимий яшайди.

Имзоланган меморандум уларга ҳайдовчилик гувоҳномаларидан фойдаланишда енгилликлар яратади. Ҳужжат миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олишни, шунингдек, унда назарда тутилган ҳолатларда уларни соддалаштирилган тартибда алмаштиришни назарда тутади. Меморандум томонлар зарур ички давлат тартиб-таомилларини якунлаганидан сўнг кучга киради.

Фото: Polisia.kz

Ташриф давомида Қозоғистон делегацияси БААнинг инқирозли вазиятлар бўйича миллий агентлиги фаолияти билан танишди. Шунингдек, Ички ишлар вазири Ержан Саденов EDGE Group технология конгломерати раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Учрашувда сунъий интеллект, киберхавфсизлик, махсус техника ва қурол-яроғ соҳасидаги илғор ишланмалар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун замонавий технологик ечимлар тақдим этилди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, эришилган келишувлар Қозоғистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳамда бошқа кўплаб йўналишларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.